Қашқадарё вилояти солиқ бошқармасида қонунчиликдаги янгиликлар юзасидан тадбиркорлар иштирокида амалий семинар ўтказилди.
Унда шаҳар, туман солиқ инспекциялари ходимлари, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъекти вакиллари видеоконференция алоқаси орқали иштирок этди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 26 февралдаги “Электрон тўлов тизимлари хизматларидан фойдаланишни кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти тушунтириб ўтилди.
Мазкур қарорга асосан 2025 йил 1 июлдан бошлаб аҳолига хизмат кўрсатувчи бюджет ташкилотлари, газ ва нефть маҳсулотини сотувчи ва мулкни ижарага берувчи юридик шахслар мажбурий тартибда электрон тўлов тизимларига уланиши ҳамда тўловларни улар орқали амалга ошириши белгиланган.
Ушбу қарорда кўрсатилган юридик шахслар томонидан тўловларни электрон тўлов тизимлари орқали қабул қилишни рад этиш ҳисоб-китоб терминаллари орқали тўловларни қабул қилишни рад этишга тенглаштирилади ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилиши учун асос бўлади.
Бунда тўловларни электрон тўлов воситаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширишда тўлов ташкилотларининг фискал белгили электрон чеки харидорнинг мобил иловасига, шунингдек, абонент рақамига ёки харидор кўрсатган электрон почта манзилига ёхуд харидорнинг шахсий кабинетига юборилиши керак.
Газ ва нефт маҳсулотини қўйиш шохобчаларида тўлов ташкилотларида электрон тўловларни қабул қилувчи махсус QR код доимий мавжуд бўлиши ҳамда тўловларни улар орқали амалга оширилганда электрон харид чекини мунтазам берилиши шартлиги айтиб ўтилди.
[gallery-25650]
– Бу тўлов тизими жуда қулай экан. Баъзи бир харидорларнинг банк пластик картаси доимо олдида бўлмайди. Шундай вақтда улар QR сканер қилиш орқали тўловларни амалга ошириши мумкин экан, – дейди “Қарши газ тўлдириш шохобчаси” МЧЖ раҳбари Аслиддин Пайзиев. – Биз бу янгиликни фаолиятимизга татбиқ этамиз.
Бу каби семинарлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ўтказилиши белгилаб олинди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари