Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЯНГИЛИК: АҚШ ва Россия мутахассислари Ўзбекистон сузувчиларини мусобақаларга тайёрлайди
21:41 / 2022-01-12

Янги йил мамлакатимиз сув спорт турлари вакиллари учун янгича форматда бошланди.

Боиси, синхрон сузувчилар иккикарра олимпия ўйинлари ғолиби, россиялик Елена Азаров етакчилигида пойтахтимиздаги "Саҳоват" марказида ўқув-машғулот йиғинига киришган бўлса, сузиш спорти вакиллари республика олимпия заҳиралари коллежида америкалик тажрибали мутахассис Генадиус Соколовас ишлаб чиққан замонавий методика асосида маҳоратини оширишмоқда.

Шунингдек, Акбар Содиқов мураббийлигидаги сув полоси бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Россия очиқ чемпионатида ўз имкониятларини синовдан ўтказмоқда. 

Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, сув спорт турлари вакилларининг ўқув-йиғин машғулотлари жорий йилнинг 23 январига қадар давом этади.

Куни кеча Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов сув спорт турлари бўйича мураббий ва мутахассислар билан 2022 йилги мусобақаларга тайёргарлик кўриш, муносиб иштирок этиш масаласида учрашув ўтказди. 
Давлатимиз томонидан сув спорт турларига яратилган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиш, нуфузли мусобақаларда муносиб натижаларни қўлга киритиш борасидаги ишлар таҳлил этилди. 

Миллий олимпия қўмитаси раҳбари машғулот жараёнида мураббийларнинг иш журналидан фойдаланмаслиги, ўқув-йиғин режаси ва дастурлар федерация раҳбарияти ҳамда Олий спорт маҳорат мактаби билан келишилмагани, мураббийлар хонаси керакли жиҳозлар билан таъминланмагани, спортчиларнинг кўрсаткичлари мониторинг қилинмаслиги хусусида кескин фикрлар билдириб, бу каби ҳолатлар қайта такрорланмаслиги бўйича мутасаддиларни қатъий огоҳлантирди.

Мулоқот якунида сув спорт турлари қитъа ва олимпия ўйинларида, чемпионатларнинг комплекс мусобақаларида энг кўп медаль берадиган дастурларга эгалиги айтилиб, Ватанимиз спорт довруғини ошириш мураббий ва мутахассислар олдидаги асосий вазифа эканлиги таъкидланди.

 

Т. Рўзиев, ЎзА.