Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янгиланиш, умид ва орзулар, ҳаёт рамзи
09:54 / 2024-03-01

Табиатда хатолик йўқ. Қуёш чиқмасидан, саҳар чоғи қумри қушнинг ажиб хониши эшитилди. Кейин бошқа қушлар бирин-кетин чуғурлаша бошладилар. Баҳор келганини бутун борлиқ байрам қилаётгандек гўё.

Халқимиз азалдан баҳорга, янгиланишга, яхшиликка интилган. Негаки,  фаслларнинг энг гўзали умид, тириклик, эзгулик, ҳаёт тимсоли бўлиб келган. Бу кун ота-оналаримиз, яқинларимиз, нуронийларни, кексаю ёшни баҳорнинг илк куни билан қутламоққа ошиқамиз. Февраль ойи ҳали оёқламасидан, чет ёқаларда кўринган бинафшаларни оналаримизга баҳор соғинчи, кўклам илинжида келтиргандик. Улар элу юртга, хонадонларга, барча-барчага омонлик тилаб дуолар қилишган.  

Баҳор соғинчи оламни тутган. Телефондаги табриклар фасллар келинчаги ҳали келмасидан аввал бошланиб кетган. Қор кетиб-кетмай кимдир кўчат экиб, боғ яратишга ошиқади. Ялпизу исмалоқ савдосида аёллардан кўра эркаклар кўпроқ харидор. Келинлар, қизлар маҳаллаларда кўча-кўйларни чиннидек тозалаш, чор атрофни ораста ҳолатга келтиришга шай.  

Атоқли шоирамиз Зулфияхоним таваллуди билан бошланган баҳор қўша-қўша байрамларни ўз ортидан эргаштириб келмоқда. Халқаро хотин-қизлар куни, халқимиз орзиқиб кутган эзгулик ва поклик айёми муқаддас моҳи Рамазон, Наврўзни етаклаб келмоқда. Халқимиз суйган шоир ва ёзувчилар,  санъат дарғаларининг таваллуд айёмлари, маданият ва санъат байрамлари кенг нишонланади. Баҳор айёми ижод аҳлига, шоир ва ёзувчиларга, мусавирру ҳунармандларга ўзгача илҳом беради. Зеро, уларнинг энг сара асарлари ҳам баҳор ҳақида.  

Халқимизнинг неча асрлар давомида шаклланган ҳашар қилиш,  ўзгалар оғирини енгил этиш, юртни обод, озода, покиза сақлашдек қадриятини ҳеч қандай баҳона ва сабаб ўзгартира олмайди. Бу фаслда кексалар ҳолидан хабар олиш, муҳтожларга кўмак кўрсатиш, хайру саховат,  мурувват ишлари ҳар қачонгидан ҳам авж олади. Барча савобли юмушларга ёшлар ўзининг теша тегмаган ташаббуслари, шаҳд-шиддати билан ўзгача жўшқин руҳ бағишлайди. Миришкор деҳқонлар, боғбону чорвадорлар, ишнинг кўзини биладиган фермерлар эл ризқини ўйлаб, ерга ишлов бериш қайғусида.  

Мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларида баҳорий кайфият мужассам. Давлатимиз раҳбари Ватанимизнинг энг чекка ҳудудида ислоҳотлар жараёни билан танишиб, оддий одамлардан ҳол-аҳвол сўраши, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаши, муаммоларга ечим топаётгани,  ҳаётимизни янада фаровон, тўкис қилишга интилаётгани, камчиликларга барҳам бераётгани барчамизга ибратдир. Баҳор, янгиланиш, яшариш, умид ва орзулар, гўзаллик айёми юртимга муборак бўлсин!  

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири