Асака тумани кундан-кунга юксалиб, чирой очиб бораётган юртимизнинг энг обод гўшаларидан биридир. Айниқса, мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрами арафасида туманда барпо этилган янги-янги объектлар фойдаланишга топширилаётганлиги асакаликларга хурсандчилик, байрамона кайфият улашмоқда.
Байрам арафасида қурилиш, таъмирлаш ишлари амалга оширилган туман марказидаги Тошкенбой Эгамбердиев номидаги маданият ва истироҳат боғи фойдаланишга топширилди.
Туманда аҳолининг мазмунли дам олиши, маданий ҳордиқ чиқариши учун барча зарур шарт-шароит яратилмоқда. Туман марказий маданият ва истироҳат боғида амалга оширилган қурилиш, бунёдкорлик ишлари натижасида боғ бутунлай янгича қиёфа касб этди.
Маданият ва истироҳат боғи очилишига бағишланган тадбирда сўз олган туман ҳокими Насибилло Мўминов ва бошқалар мамлакатимизда аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, хусусан, аҳолининг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, маданий ҳордиқ чиқаришларини таъминлаш борасида олиб борилаётган хайрли ишлар хусусида гапирди.
[gallery-24962]
Қисқа муддат ичида умумий майдони 8,5 гектар бўлган мазкур маданият ва истироҳат боғида катта ҳажмдаги ободонлаштириш, қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди. Боғ ҳудудига минглаб гул кўчатлари ўтказилди, яшил майдонлар барпо этилди, йўлакларга плиткалар ётқизилди. Йўлакларнинг икки ёнига турли кўринишдаги панно ва афишалар, боғнинг тунги вақтда ҳам чароғон бўлиши учун кўплаб ёритгич ва чироқлар, шунингдек, замонавий ўриндиқлар, чиқинди қутилари ҳам ўрнатилди. Эскирган аттракционлар таъмирланди ва янгиларига алмаштирилмоқда. Ҳозирга қадар 15 турдаги янги аттракцион ўрнатилди. Уларнинг сонини 20 тага етказиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, боғ ҳудудидаги стадион капитал таъмирланмоқда. Яхна ичимликлар, музқаймоқлар билан савдо қилувчи кафе ва савдо дўконлари ишга туширилди. Натижада маданият ва истироҳат боғи тумандаги энг обод ва гавжум масканга айланди.
– Туманимиз марказидаги маданият ва истироҳат боғида катта ҳажмдаги қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилди, – дейди “Нуроний” уюшмаси туман бўлими раҳбари Исроилжон Султонов. – Ушбу сўлим ва хушманзара маскан аҳоли, айниқса, болажонларимиз мириқиб дам оладиган, маданий ҳордиқ чиқарадиган барча қулайликларга эга замонавий мажмуага айланди.
Маданият ва истироҳат боғининг очилиши ҳақиқий байрам сайлига айланди, эл суйган санъаткорлар, бадиий жамоалар томонидан намойиш этилган концерт дастури тадбир иштирокчилари ва меҳмонларга хушнудлик бағишлади.
Мухтасар қилиб айтганда, ўзгача кўрк ва қиёфага эга бўлган маданият ва истироҳат боғи асакаликлар ва шаҳар меҳмонларининг бўш вақтларини мароқли ўтказадиган, айниқса, болажонларнинг севимли масканига айланди.
Бу каби ўзгаришлар – юрт ободлиги, халқимиз турмуш фаровонлиги юксалиб бораётганлиги фуқароларимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари