Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янгиланган Конституциямизда меҳнатга оид ҳуқуқлар қай даражада мустаҳкамланган?
09:10 / 2023-06-01

Ҳар бир инсон ҳаёти давомида муносиб меҳнат қилиш, касб танлаш, эркин фаолият олиб боришни ва албатта, хавфсиз, қулай меҳнат шароитларида ишлашни хоҳлайди. Бу борада мамлакатимизда касб ва фаолият турини эркин танлаш, ишсизликдан ҳимояланиш каби меҳнатга оид қатор ҳуқуқлар янги таҳрирдаги Бош қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилди.

Бу борадаги нормалар хусусида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлудахон Хўжаева ЎзА мухбирига қуйидагиларни таъкидлади:  

– Янги Конституциямизда акс этган нормаларга кўра, давлат ўз фуқароларини иш билан таъминлаш, уларни камбағаллик ботқоғидан чиқариш, профессионал касб ўргатиш масъулиятини ўз зиммасига олди. Хусусан, Конституциямизнинг 42-моддасида “Ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга" эканлиги белгилаб қўйилди.  

Бундан ташқари, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши, ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши мустаҳкамланди.  

Бу бежиз эмас, албатта. Сабаби, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси (27-модда), Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт (11-модда), Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини ўрнатиш тартиб-таомилларини яратиш бўйича 1928 йилдаги Конвенция, Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини белгилаш бўйича 1970 йилдаги Конвенция талабларига асосан, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини Бош қомусимизда акс эттириш зарурати келиб чиқаётган эди. Шундан келиб чиқиб, мазкур моддада меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши мустаҳкамлаб қўйилгани айни муддао бўлди.  

Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ёки иш ҳақини камайтириш кабилар Конституция даражасида тақиқлаб қўйилгани аёлларимизга кенг имконият яратади, уларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясига замин бўлади.  

Меҳнат ва ижтимоий ҳимояга оид яна бир муҳим жиҳат 43-моддада ўз аксини топган. Яъни, давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши мазкур моддада белгилаб берилди.  

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда 2016 йилгача камбағаллик расман тан олинмаган. Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда камбағал қатлам борлигини расман тан олди, фуқароларни камбағалликдан чиқариш бўйича саъй-ҳаракатлар бошланди. Камбағалликка барҳам беришнинг биринчи шарти аҳолини иш билан таъминлашдир. Шу боис, ишсизлик ва камбағалликка қарши тизимли курашиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Эндиликда янги Асосий қонунимиз билан бу борадаги саъй-ҳаракатлар янада кенг кўламда давом эттирилади.  

Инсон ишсиз қолмаслиги учун қўлида ҳунари, билими ва етарли тажрибаси бўлиши керак. Бунинг учун эса улар доимий ўқиши, малака ошириши жуда муҳим. Шу сабабли Конституциямизнинг айни шу 43-моддасида давлат фуқароларнинг касбий тайёргарлигини ва қайта тайёрланишини ташкил этиши ҳамда рағбатлантириши белгилаб қўйилди.  

Яна бир аҳамиятли масала – Конституцияда мажбурий меҳнатни тақиқлаш бўйича кафолатлар янада кучайтирилди. Яъни, 44-модда билан суд қарори билан тайинланган жазони ижро этиш тартибидан ёхуд қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат ҳамда болалар меҳнати тақиқланиши мустаҳкамланди.

Ўзбекистон Республикаси 2008 йилда Халқаро меҳнат ташкилотининг “Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисида"ги Конвенцияни (1999) ратификация қилган. Ушбу конвенцияга мувофиқ “болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари”, деганда қуллик, жинсий эксплуатация, болаларни қуролли тўқнашувларда, ноқонуний фаолиятда ёки уларнинг соғлиғига, ахлоқий ва психологик ҳолатига зарар етказадиган хавфли ишларда ишлатиш тушунилади.  

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларида бундай қилмишлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланган. Эндиликда Бош қомусимиз билан бу каби ҳолатларга чек қўйилади, – дейди депутат.  

Дарҳақиқат, меҳнат ҳуқуқлари инсоннинг ҳаёти давомидаги энг муҳим ҳуқуқларидан биридир. Давлатимизнинг янгиланган Қомусида инсонни қадрлаш, унинг меҳнатга оид ҳуқуқларини таъминлаш борасида ўрин олган нормалар фуқароларга қулайлик яратишга, ҳақ-ҳуқуқлари камситилишининг олдини олишга хизмат қилади.  

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА