English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янгиланган Конституция: ёшлар масаласи алоҳида боб даражасига олиб чиқилди
12:04 / 2023-12-08

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 31 йиллигини кенг нишонламоқдамиз. Мамлакатимиз ривожи ва тараққиёти, ҳақ-ҳуқуқларимиз кафолати ҳисобланган Бош қомусимизга 2023 йилда Ватанимиз келажаги учун зарур бўлган қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жорий йил 30 апрель куни бўлиб ўтган умумхалқ референдумида барчамиз фаол иштирок этиб, ўз муносабатимизни билдирдик. Натижада инсон манфаатларини тўлақонли ҳимоя қиладиган тарихий ҳужжат қабул қилинди. Ҳа, конституциявий ўзгаришлар Ўзбекистоннинг тадрижий ривожланишидан келиб чиқиб ҳаётий заруриятга айланган эди.

Мамлакатимизда амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар ўз мазмун-моҳияти билан “инсон – жамият – давлат” деган тамойилни конституциявий қоида сифатида муҳрлашга, халқпарвар давлат барпо этишга, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Бугун қарийб 65 фоизга янгиланган Конституциямиз мамлакат тараққиётининг кафолати сифатида халқимиз манфаатларига, давлатимизнинг стратегик мақсадларига тўла жавоб берадиган, ҳар томонлама пухта ишланган муҳим сиёсий ҳужжатга айланди.

Янги Ўзбекистон миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берган халқона ва тарихий ҳужжатга кўплаб соҳа ва йўналишлар қаторида ёшлар масаласига ҳам алоҳида устуворлик берилди. Алоҳида бир боб оила, болалар ва ёшлар масаласига бағишланди. Бу юртимизда ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга юксак эътибор қаратилаётганини кўрсатади.  

Давлат ёшларни ўз ҳимоясига олади. Жумладан, ёшлар ҳуқуқлари акс этаётган алоҳида моддага кўра, давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради. Шунингдек, давлат ёшларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиб бериши белгиланди.

Яхши биламизки, ўқишни битирган ҳар қандай ёш ишлаши, уйланиши, уйли-жойли бўлиши лозим. Аммо буларнинг барини бирданига ҳал қилиш жуда қийин. Шу боис давлат бу каби масалаларни ўз зиммасига олмоқда. Ёшларнинг ишга жойлашишига, уй-жойга эга бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Демак, янгиланган Конституциямизда ўз аксини топган ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги нормалар биз учун айни муддаодир.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши томонидан ҳам ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Кенгаш раиси томонидан тасдиқланган режа-графикка асосан кенгаш раисининг ҳамда тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашининг вилоятдаги кенгаш раислари, масъул ташкилотчилари, бирлашган қўмита раислари томонидан ҳар ойда ёшлар билан учрашувлар ўтказиб келинмоқда.

Бундан ташқари, ёшларни ёзги мавсумини юқори уюшқоқликда ўтказишга ҳам алоҳида эътибор берилди. Натижада 11 мингдан зиёд ўғил-қиз вилоятдаги оромгоҳларда мароқли ва мазмунли дам олдилар.

Вилоят ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши ташаббуси билан Қирғизистон ва Тожикистон Республикаларидан 50 нафардан ёшлар “Тонг” ва “Товул” оромгоҳларида мароқли дам олди. Уларнинг ҳар бир кунини мазмунли ўтказиш бўйича турли тадбир ва саёҳатлар ташкил этилди.

Ҳозирда вилоятдаги 10 дан ортиқ олий ўқув юртларида минглаб талабалар таҳсил олмоқда. Албатта, талабаларни ҳам қўллаб-қувватлаш касаба уюшмаларининг диққат марказида. Доимий равишда талабалар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйинлари, турли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Бундан ташқари, Фарғона политехника институти талабаси Гулҳаёхон Райимбердиевага 2023 йил ўқув йилининг январь-июнь ойлари учун “Касаба уюшмалари стипендияси” маблағлари тўлаб берилди. Шунингдек, касаба уюшмаси ҳамда иш берувчи томонидан жорий йилнинг 11 ойи давомидан 6 мингдан зиёд ёш ишчи-ходимлар республикамизнинг турли диққатга сазовор жойларига саёҳатга юборилди.

Барча соҳа ривожида салоҳияти ёшлар муҳим ўрин тутади. Ёшлар жамият учун “янги қон” вазифасини ўтайди. Янгидан-янги ташаббус-ғояларни илгари суриш, замонавий иш юритиш услубларини жорий қилишда уларнинг нуқтайи назари ва саъй-ҳаракатлари ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Ҳозирги вақтда юртимизда аҳолининг олтмиш фоизидан ортиғини ташкил этаётган навқирон авлод учун давлат томонидан кенг қамровли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, изчил амалга оширилмоқда. Ҳа, бугунги ёшлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билади, мамлакат ҳаётига, келажагига бефарқ эмас.

Таъкидлаш жоизки, ўтган давр мобайнида ёшларни қўллаб-қувватлашга оид кўплаб ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Қонунлар ва қонуности ҳужжатлари ўзгарувчан хусусиятга эга. Биргина Конституция узоқ муддатли, барқарор ҳужжат ҳисобланади.  

Дарҳақиқат, бугунги кунда бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб улгурган “Янги Ўзбекистон” ғояси ҳамда “Инсон қадри учун” тамойили замирида улуғ аждодларимиз, миллий тарихимизда Биринчи ва Иккинчи уйғониш даврларига асос солган аллома боболаримизнинг орзу-интилишлари ва армонлари ҳам мужассамлиги яққол намоён бўлмоқда. Ана шундай улуғвор ғоя ва мақсадларни амалга оширишда эса Конституциямиз муҳим тарихий ҳужжат сифатида дастуриламал вазифасини бажаргай.

Шоҳсултон Тўхтаматов,

Касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона 

вилояти кенгаши раисининг Ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси.