Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янгиланган Конституция – халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос
16:26 / 2022-06-30

Ҳар бир давлат тараққиётининг муайян босқичида Бош қонунини замон талаби ва халқ эҳтиёжидан келиб чиқиб ўзгартириши ёки унга қўшимчалар киритиши мумкин.

Маълумки, ривожланган мамлакатлар Конституциялари ҳам халқ иродаси ва талаби билан бир неча бор ўзгарган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги кенг кўламли ислоҳотлар ҳаётимизнинг деярли барча жабҳаларини қамраб олди ҳамда ҳар бир соҳага янгича ёндашув ва руҳ олиб кирмоқда.  

Бугунги кунда дунёда 500 дан ортиқ амалдаги Конституция бўлиб, улардан 200 га яқини мустақил давлатлар, 300 дан ортиғи федерациялар субъектларига тегишли. ХХ асрнинг охирги ўн йиллиги ва ХХI асрнинг боши дунё юриспруденцияси тарихига жаҳон ҳамжамияти вакилларининг Конституциявий тузумида Конституциявий ислоҳотларнинг янги сифат босқичига чиқиши, Конституциявий дунёқарашда сифат жиҳатидан чуқур ўзгаришлар даври сифатида киради. Хусусан, сўнгги 30 йил ичида дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатида Конституциявий ислоҳотлар ўтказилди, 57 давлатда янги конституция қабул қилинди.  

Ҳозирда дунёда дастлабки таҳрирдаги Конституциялар деярли қолмаган. Энг қадимий ҳисобланган Конституцияларга ҳам АҚШда 27 та туб ўзгартириш, Норвегияда 200 мартадан ортиқ, Нидерландияда 24 марта ўзгартириш киритилган.   

Чунки замонавий глобаллашув шароитида бутун дунё мамлакатлари жадал тарзда Конституциявий ривожланишнинг ўз моделини изламоқда. Шу билан бирга, Конституция давлатнинг сиёсий ва ижтимоий барқарорлигини таъминлашнинг асосий омилларидан бири бўлиб қоляпти.  

Хабарингиз бор, ўтган йили Президент сайловолди учрашувларида сайловчилар томонидан Асосий қонунимизни бугунги ҳаёт талабларига мос ҳолда янгилаш масаласини кўтарган эди. Сайловчиларнинг бу борадаги хоҳиш ва истакларини амалга ошириш учун Олий Мажлис палаталари томонидан Конституциявий комиссия тузилиб, фаолият бошлади. Қисқа даврда Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.  

Шу мақсадда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 16 июнида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни имзоланди. Мазкур қонун билан бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритилди. Жумладан, референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларига айрим харажатлар учун компенсация тўланади.  

Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан ҳам кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди.  

Манфаатдор ташкилотлар, фуқаролар ташаббускор гуруҳлари ўз кузатувчилари тўғрисида округ комиссияларига референдум ўтказилишига кечи билан 10 кун қолганида маълум қилади (илгари 15 кун эди).  

Ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 июнь куни Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди. Мазкур мулоқотда «Янгиланган Конституция мамлакатимизнинг узоқ муддатли Тараққиёт стратегиялари, умуман, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратиши лозим. Бир сўз билан айтганда, «Инсон қадри учун» ғоясини ҳамда ҳозирги ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган «Инсон-жамият-давлат» деган ёндашувни Конституциямизнинг мазмунига чуқур сингдириб, амалий ҳаётимизда бош қадриятга айлантиришимиз зарур. Яъни инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туриши керак», дея сўз юритди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида янгиланган Конституцияда 4 та йўналиш устувор аҳамият касб этишини билдирди. Биринчи йўналиш инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқ ва манфаатлари масаласи этиб белгиланди. Иккинчи йўналиш эса Асосий қонунимизда «Ўзбекистон – ижтимоий давлат» деган ғояни мустаҳкамлаш дея қайд этилди. Чунки «инсон қадри» тушунчаси «ижтимоий давлат» тушунчаси билан чамбарчас боғлиқ. Учинчи йўналиш эркин ва адолатли фуқаролик жамияти ривожланиши билан боғлиқ масала бўлса, тўртинчи йўналиш сифатида Ўзбекистонда инсонпарвар, демократик ҳуқуқий давлат қуриш масаласи сифатида белгиланди.   

Бундан ташқари, Президентимиз учрашув давомида «Миранда қоидаси»ни Конституцияга киритиш, бош Қомусимизга «Шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклашга асос бўлиши мумкин эмас», деб қатъий ёзиб қўйиш, «Ўзбекистон – ижтимоий давлат» деган ғояни мустаҳкамлаш, давлат иқтидорли ёшларни, уларнинг моддий аҳволидан қатъи назар, доимо қўллаб-қувватлашини мустақил қоида сифатида белгилаш каби бир қатор муҳим таклифларни ўртага ташлади.  

Айни пайтда «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасидан ўтмоқда. Қонун лойиҳасига кўра, Асосий қонунимизнинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартиш киритиш назарда тутилмоқда.   

Бу таклиф ва ўзгартишларнинг аксарияти кундалик ҳаётимиз, мамлакатимизнинг келажаги билан боғлиқ барча долзарб жиҳатларни қамраб олган. Қолаверса, Конституциявий ислоҳотларнинг кенг омма муҳокамасига қўйилиши ва халқнинг хоҳиш-иродасини инобатга олган ҳолда, референдум орқали қабул қилиш таклиф этилгани Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқаросини Ватан олдидаги бурч ва мажбуриятларига бефарқ бўлмасликка чорлаши шубҳасиз.  

Мухтасар айтганда, Конституциямизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар инсон қадрини улуғлаш ғоясига хизмат қилиши, халқимиз фаровонлигини ошириш ва мамлакатимизнинг барқарор тараққиётига замин яратади.  

 Эркинжон МАҲМУДОВ,  
Қўқон шаҳар Адлия бўлими бошлиғи