Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янгиланган Конституция Ўзбекистонда давлат бошқарувининг янги фалсафасини шакллантирди
11:20 / 2025-12-06

Муносабат

Бугунги кунда дунёдаги кўплаб мамлакатлар демократиянинг илғор тажрибаларини амалиётга татбиқ этишга интилмоқда. Аммо ҳар бир давлатнинг демократияга эришиш йўли ўзига хос бўлиб, унинг тарихи, маданияти ва сиёсий анъаналари билан белгиланади. Ўзбекистон ҳам ана шундай ўзига хос йўлдан бориб, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, дин ва маданият хилма-хиллигини эътироф этиш, фуқаролар фаоллигини ошириш ҳамда очиқ ва жавобгар давлат барпо этишни мақсад қилиб олган.

Сўнгги йилларда давлат билан жамият ўртасидаги очиқ мулоқот кенгайтирилди. Муҳим қарорлар жамоатчилик муҳокамаси асосида қабул қилиниши, вазирлик ва идоралар фаолиятининг шаффоф ва ҳисобдор бўлиши, электрон платформаларда қарорларни эълон қилиш амалиётининг йўлга қўйилиши фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштироки ортиб бораётганидан далолат беради. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, ислоҳотларнинг асосий ташаббускори жамиятнинг ўзи бўлиши, давлат эса халққа хизмат қилиши керак.

Ижтимоий талаблар ва фуқаролар таклифлари асосида амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар мамлакат ҳаётида муҳим бурилиш яратди. 2023 йилги референдум натижасида Конституция нормаларининг қарийб 65 фоизи янгиланиб, Асосий қонуннинг марказига инсон – унинг ҳуқуқлари, эркинликлари, қадр-қиммати ва фаровонлиги қўйилди. Давлат эса бу ҳуқуқларни амалий жиҳатдан таъминлаш ва ҳимоя қилиш бўйича аниқ мажбуриятлар олди.

Янгиланган Конституцияда инсон ҳуқуқларига оид нормалар сезиларли даражада кучайтирилди. Ҳар бир инсоннинг шахс сифатида эркин ривожланиш ҳуқуқи, фақат қонунда белгиланган мажбуриятларга риоя этиш талаби, ҳуқуқларни чеклашнинг қатъий ҳуқуқий асослар билан белгиланиши – буларнинг барчаси ҳуқуқий кафолатларни янада мустаҳкамлайди. Яшаш ҳуқуқи ажралмас ҳуқуқ сифатида эътироф этилди, Ўзбекистонда ўлим жазоси тўлиқ бекор қилинди. Инсон шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги ҳам Асосий қонунда алоҳида муқим ўринга эга.

Жиноят-процессуал соҳада ҳам муҳим кафолатлар мустаҳкамланди. “Хабеас корпус” институти ва Миранда қоидасининг Конституция даражасида киритилиши фуқаролар ҳуқуқий ҳимоясини кучайтирди. Энди ҳибсга олиш фақат суд қарори билан амалга оширилади, ушланган шахс 48 соат ичида судга олиб келиниши шарт, унга ҳуқуқлари тушунарли тилда баён этилади. Гумон қилинувчи ёки айбланувчи сукут сақлаш ҳуқуқига эга, ўз айбсизлигини исботлашга мажбур эмас ва фақат иқрорлик асосида айбдор деб топилиши мумкин эмас. Бундан ташқари, бир шахснинг судланганлиги унинг қариндошлари ҳуқуқларини чекламаслиги қоидаси ҳам адолат тамойилини мустаҳкамлайди.

Одил судловга эришиш имкониятлари ҳам кенгайтирилди. Ҳар ким ўз ҳуқуқларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилиш, ишини мустақил ва холис судда оқилона муддатларда кўриб чиқилиши ҳуқуқига эга. Агар ички ҳуқуқий воситалар тугаган бўлса, фуқаролар халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига мурожаат қилиш имкониятига ҳам эга.

Оила, болалар, ёшлар ва хотин-қизлар ҳуқуқлари Конституцияда алоҳида ўрин олди. Жинсидан қатъи назар, давлат ишларини бошқаришда тенг ҳуқуқлилик, оилани қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, ёшларнинг жамият ҳаётида фаол иштирок этиши каби нормалар инклюзив ва адолатли жамият барпо этишга хизмат қилади.

Энг муҳим янгиликлардан бири – экологик ҳуқуқларнинг биринчи марта асосий қонун даражасида аниқ ва қатъий ифода этилиши. Табиий бойликларни муҳофаза қилиш, аҳолининг соғлом атроф-муҳитда яшаши, экологик ахборотга эга бўлиш ҳуқуқи, Оролбўйи каби ҳудудларни тиклаш бўйичадавлат мажбуриятлари келажак авлодлар манфаатини таъминлашга қаратилган.

Шунга алоҳида эътибор қаратиш лозимки, парламент ислоҳотларни мустақил қабул қилиш ваколатига эга бўлганига қарамай, Президент ташаббуси билан масала умумхалқ референдумига қўйилди. Бу жараён Конституциянинг ҳақиқий халқчил ҳужжат эканини, фуқароларнинг мамлакат келажагини белгилашдаги ролини янада оширди.

Янгиланган Конституция Ўзбекистонда давлат бошқарувининг янги фалсафасини шакллантирди.

Эндиликда “давлат – жамият – инсон” модели ўрнига “инсон – давлат – жамият” тамойили устувор бўлмоқда. Бу ўзгаришлар ҳар қандай ислоҳотнинг марказида инсон манфаатлари тураётганини ифода этади.

Хулоса қилиб айтганда, янгиланган Конституциямиз демократик, ижтимоий йўналтирилган ва адолатли давлат барпо этиш учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратди. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари реал ҳаётда амал қилувчи ҳимоя тизимига айланди. Шу боис Асосий қонунимиз Ўзбекистонда инсон – унинг қадр-қиммати, эркинлиги, хавфсизлиги ва фаровонлиги давлат сиёсатининг марказида бўлишини кафолатловчи бош ҳужжат сифатида хизмат қилмоқда.

Элдор ТУЛЯКОВ,

“Тараққиёт стратегияси” маркази

 ижрочи директори.

ЎзА