Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янгиланган Конституция – Ўзбекистон халқининг сиёсий иродаси натижасидир
13:07 / 2023-12-06

Тошкент шаҳрида “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга оширишнинг долзарб масалалари ва устувор йўналишлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Адлия вазирлиги, Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти, Давлат бошқаруви академияси ҳамкорлигида ташкил этилди.  

Ўзбекистон Конституциявий суди раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов, Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти директори, Мир-Акбар Раҳмонқулов ва бошқалар янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб берганини таъкидлади. Мазкур ҳужжат миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.  

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 10 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан Конституцияни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш чоралари белгиланди.  

[gallery-14919]

Қомусда мустаҳкамланган устувор принципларни Янги Ўзбекистон улуғвор ғоясига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқариш, давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш, фуқаролар ўз ҳаётида халқ Конституцияси руҳини яққол ҳис этиб туришини таъминлаш мақсадига қаратилган ишлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.  

–Янгиланган Конституция Ўзбекистон халқининг сиёсий иродаси натижасидир, – деди “Минтақавий мулоқот” (Словения) халқаро нодавлат нотижорат ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Петра Горьюп. – Муҳими, Асосий қонунда инсон қадр-қимматига ҳурмат ўз ифодасини топиши билан бирга, буни амалда таъминлашга қаратилган меъёрлар кенгайтирилди. Камситишга йўл қўймасликдек муҳим қоида қомусда акс этди.  Конституциянинг амалда бажарилиши бўйича нафақат давлат органлари, балки фуқаролик жамияти вакиллари, халқаро ташкилотлар билан узвий ҳамкорликка эътибор қаратилаётгани, бунда очиқлик, инклюзивлик тамойиллари устуворлиги эътирофга муносиб. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини Конституция байрами билан қутлайман.  

Конференция иккита сессия доирасида давом эттирилиб,  дастлаб “Янгиланган Конституциянинг асосий принциплари – янги Ўзбекистонни барпо этиш стратегиясининг муҳим ҳуқуқий пойдевори” мавзусида экспертлар фикри тингланди.  

Хусусан, конституциявий ислоҳотлар ҳуқуқий тизим тараққиётининг муҳим омили эканлиги Қозоғистон Республикаси тажрибаси мисолида таҳлил қилинди.  

Янги таҳрирдаги Конституцияда мустаҳкамланган дунёвий давлат принципини рўёбга чиқариш механизмларини такомиллаштириш масалаларига атрофлича тўхталиб ўтилди.  Шунингдек, экспертлар томонидан ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатни барпо этиш масалалари муҳокама қилинди.  

Ижтимоий давлат – ҳар бир инсон учун фаровон турмуш даражаси, хусусан сифатли таълим, кафолатли тиббий хизмат, муносиб меҳнат шароити ва адолатли иш ҳақи, пенсия ва нафақалар, ижтимоий ёрдам ва хизматлар тизимини таъминлайди. Қомусий бу қоидаларни амалда таъминлаш тизими яратилган.  

Ўзбекистонни дунёвий давлат сифатида белгилаш дунёвий тараққиёт, турли дин ва мазҳаблар ўртасида бағрикенглик ва тотувликни мустаҳкамлашга, диний бирлашмаларнинг мустақил фаолият юритишига, дин ва эътиқод эркинлигини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.  

Конференциянинг иккинчи сессияси “Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш – янги таҳрирдаги конституцияни амалга оширишнинг бош мақсади” мавзуига бағишланди.  

Сессия давомида дастлаб одил судловни амалга оширишда Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг долзарб масалалари хусусида сўз юритилди. Шунингдек, одил судловдан фойдаланишни таъминлашга доир давлат кафолатларини таъминлашнинг конституциявий-ҳуқуқий асослари қиёсий таҳлил қилинди. Ёшларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлашга доир конституциявий нормаларни амалга оширишнинг устувор йўналишлари бўйича фикр алмашилди.  

Конференция давомида хорижий ва халқаро экспертлар томонидан янги таҳрирдаги Конституция юксак баҳоланди.  

 

Норгул Абдураимова,  

Носиржон Ҳайдаров(сурат),ЎзА