Янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асослари, давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб беришга хизмат қилаётганлиги таҳсинга сазовор. Шунингдек, янгиланган Конституция Ўзбекистон учун ҳаётий зарурат бўлиб, бу мамлакат, миллат ва халқ сифатида кейинги қадамларимизни аниқлаб олишимиз учун ғоят аҳамиятли масала, адолатли жамият қуриш йўлидаги улкан қадамдир.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, сўнгги олти йилда эришган ютуқларимиз, хусусан, иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари, одил судлов, сўз ва эътиқод эркинлиги, ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги юзлаб чекловларнинг олиб ташлангани, нақд пул, валюта, кредит масалаларидаги муаммолар ҳал қилингани, қўшниларимиз билан орамиздаги “музлар эригани” ва бошқа ижобий ҳаракатлар ортга қайтмаслигининг конституциявий ҳимоясини таъминлаш, бу ютуқлар, ҳуқуқ ва эркинликлардан нафақат ҳозирги, балки келажак авлодларимиз ҳам эмин-эркин фойдаланиши учун уларни, албатта, Конституцияда муҳрлаб қўйиш талаб этилди. Натижада янги Конституциядаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага ошди. Яъни Асосий қонунимиз матни қарийб 65 фоизга ортди ва халқимиз таклифлари асосида янгиланди.
Конституциянинг 1-моддасидаги “Ўзбекистон – суверен демократик республика” жумласи Янгиланган Конституциямизда “Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат” деган норма мустаҳкамланди.

Янги киритилган ўзгартиришларга кўра, Ўзбекистонда ҳуқуқий давлат тамойили мустаҳкамланди, эндиликда барча жараёнлар қонуний асослар устига қурилади, давлат хизматчиларидан ҳуқуқ доирасида фикрлаш, барча масалаларга ҳуқуқий кўз билан қараш талаб этилади. Қолаверса, ҳуқуқий давлатда барча фуқаролар қонун олдида тенг бўлади, давлат ҳокимиятининг олий органлари ҳам қонунларга бўйсунади ва қонунларнинг муқаррар ижросини таъминлайди.
Ўзбекистон ўзини ижтимоий давлат деб эълон қилиши билан, ҳар бир фуқаросига муносиб турмуш кечириши учун шарт-шароит яратиш мажбуриятини олмоқда. Бу – мавжуд ресурсларни ижтимоий адолат тамойиллари асосида тақсимлаш, жамиятда кучли табақаланиш авж олишига йўл қўймаслик, энг заиф қатламлар учун ҳам сифатли таълим ва тиббиёт кафолатланиши, самарали ижтимоий ҳимоя дастурлари ишлаши, имконияти чекланган ва қўлловга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш, адолатли меҳнат қонунчилиги ва жозибадор пенсия тизими кабиларни англатади. Оддийроқ айтганда, энг камбағал оиланинг болаларида ҳам соғ-саломат ўсиб-улғайиб, яхши таълим олиб, фаровонликка эришиш имконияти бўлиши керак.
Дунёвий давлатда давлат ва дин бир-биридан ажратилган бўлади. Давлат диний эътиқодидан қатъи назар барчага бир хил муносабатда бўлади, динга оид масалаларда нейтрал позицияни эгаллайди.
Шунингдек, Янги Конституциянинг 154-моддаси билан, 1-моддадаги қоидаларни қайта кўриб чиқиш мумкин эмас, деб белгиланди. Худди шунингдек, 154-модданинг ўзидаги айнан шу қоидадан иборат банд ҳам қайта кўриб чиқилиши мумкин эмас. Бошқача айтганда, бу норма – Ўзбекистон ҳеч қачон демократиядан воз кечмаслиги, ҳуқуқий давлатчиликка содиқлиги, монархияга ёки исломий республикага айланмаслигини назарда тутади.
Янгиланган Конституциямиздаги муҳим ўзгаришлардан яна бири, унинг 15-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади.
Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилиши фуқароларга нафақат қонунлар, балки бевосита Конституциядаги нормаларга ҳам асосланган ҳолда иш олиб боришга, хусусан, судга мурожаат қилишга имкон беради.
Референдумда қабул қилинган қонунга биноан, Олий суд 3 ой ичида тегишли Пленум қарорини қабул қилиши керак. Бу қарор асосида судлар томонидан Конституция нормаларини тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳужжат сифатида қўллаш юзасидан ягона суд амалиёти жорий этилади.
Шунингдек, Конституциямиздаги яна бир муҳим ўзгартириш: барча ноаниқликлар – инсон фойдасига ҳал этилади. Конституциянинг янги таҳририга асосан “Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади”. Яъни эндиликда қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилмаган масалаларда зиддият юзага келса, масала давлат эмас, инсон фойдасига ҳал этилади.Бундан ташқари, турли ҳужжатларни юритишда давлат органлари томонидан хато-камчилик ўтган тақдирда, масалан, пенсия тайинлашда тегишли ҳужжатлар базадан топилмай, ноаниқлик юзага келганида ҳам вазият фуқаро фойдасига ҳал этилиши керак.
Эътиборлиси, Конституциямизга ўқитувчилар ҳақида модда қўшилди. У икки банддан иборат: “Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади”. “Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади”.
Шу тариқа, устозлар ҳуқуқ соҳаси вакили бўлмаган, лекин олий қонунда алоҳида тилга олинган ягона касб эгаларига айланди.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ҳаётимизнинг бошқа муҳим соҳалари ва устувор йўналишлари қатори фаол фуқаролик жамиятини шакллантириш, жамоатчилик назорати институтини янада ривожлантиришга оид нормалар ҳам киритилганини таъкидлаш лозим. Бундан кўзланган мақсад, шубҳасиз, мамлакатимизда очиқлик сиёсатини давом эттиришдир. Аввало, Конституциямизга илк маротаба фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида боб киритилди. Янги таҳрирдаги Конституциянинг XIII боби «Фуқаролик жамияти институтлари» деб номланди.
Асосий қонунимизнинг 69-моддасига кўра: “Фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этади. Фуқаролик жамияти институтларининг фаолияти қонунга мувофиқ амалга оширилади”.
Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Янги Конституция орқали ҳар бир инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Юртимизнинг инсонпарвар, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканлиги ҳуқуқий асосланди. Халқимиз муаллифлигида ишлаб чиқилган Янги Ўзбекистоннинг Янги Конституцияси мамлакатимиз тараққиёти, фуқароларимиз турмуш тарзини юксалтиришга хизмат қилади.
Дилбархон Мамажонова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.
ЎзА