Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янгиланган Конституция – атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид давлат сиёсатининг мустаҳкам ҳуқуқий кафолати
11:14 / 2025-12-10

Сўнгги ўн йилликда глобал иқлим ўзгариши ва ҳавонинг исиши, сув ҳавзалари ва атмосфера ҳавосининг ифлосланиши, ўсимлик ва ҳайвонот турларини йўқолиб кетиши, ўрмон ва дарахтзорлар майдонлари қисқариши, Озон қатлами емирилиши каби экологик муаммолар глобал даражада барча халқлар ва миллатлар учун жиддий ташвиш уйғотмоқда.

Шу боис мамлакатимизда ҳам атроф муҳитни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни ва қулай атроф муҳитни таъминлаш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси халқи тафаккурининг юксак намунаси сифатида 2023 йил апрелда референдумда умумхалқ овози бериш йўли билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституция экологик барқарорлик ва қулай атроф муҳитни таъминлаш йўлида мустаҳкам пойдевор бўлди. 

Асосий Қомусимизда давлатнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, фуқароларнинг қулай атроф-муҳитда яшаш ҳуқуқини таъминлаш борасидаги муҳим ҳуқуқий механизмларни, инсоннинг экологик ҳуқуқларига оид кафолатларини ҳамда давлат органларининг бу борадаги мажбуриятларини белгилаб берилди. 

Конституциявий нормалар экологик сиёсатни амалга оширишдаги ўрни ва аҳамияти беқиёс. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат экологик сиёсати ва барқарор ривожланиш стратегиясининг асосларини белгилаб берувчи экологик нормалар тизимининг қуйидаги асосий жиҳатларини алоҳида кўрсатиб ўтиш мумкин:

Биринчидан, Конституциянинг муқаддимасидаёқ ўзбек халқининг улуғвор мақсадларидан бири сифатида “мамлакатимизнинг бебаҳо табиий бойликларини кўпайтириш, ҳозирги ва келажак авлодлар учун асраб-авайлаш ҳамда атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш” кўрсатиб ўтилган.

Маълумки, Конституциянинг муқадиммасида халқимизнинг кўп асрлик орзу-интилишлари ва мақсадлари акс этган бўлиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг Конституциянинг ғоявий аркони ҳисобланган муқаддимада акс этиши муҳим мафкуравий ва йўналтирувчи аҳамиятга эга. 

Бу борада Ўзбекистон қисқа давр ичида Биохилма-хилликни муҳофаза қилиш масалалари бўйича 4 та, трансчегаравий сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш тўғрисидаги 2 та конвенция, БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси ва Киото протоколи ҳамда Париж битими, Озон қатламини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенция ва Монреаль протоколи, Чиқиндиларни трансчегаравий ташишни тартибга солувчи Базель конвенцияси, Турғун органик ифлослантирувчи моддалар ҳақидаги Стокгольм конвенцияси каби жами 13 та халқаро конвенция ва битимларга қўшилгани ҳам бу борада эълон қилинган мақсадларни рўёбга чиқариш учун муҳим қадам бўлди.

Қолаверса, 2025 йилнинг “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилиниши ҳам халқимизнинг экологик интилишларига мосдир. Ушбу дастуриламал ҳужжат Ўзбекистонда барқарор ривожланишни таъминлаш, фуқароларнинг саломатлиги ва фаровонлигини оширишга, давлат органлари, жамоатчилик ва ҳар бир фуқаронинг экологик муаммоларни ҳал этиш жараёнига фаол иштирок этишга қаратилган экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотлар учун туртки бўлди. 

Иккинчидан, Конституцияда илк маротаба фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари мустаҳкамланди. Хусусан, Қомусимизнинг 49-моддасида учта экологик ҳуқуқ кафолатланди, булар – қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқи, атроф-муҳит ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқи, шаҳарсозлик ҳужжатлари лойиҳалари бўйича жамоатчилик муҳокамасида иштирок этиш ҳуқуқи. Экологик ҳуқуқларнинг конституциявий даражада мустаҳкамланиши бу ушбу масаланинг давлат сиёсати даражасига кўтарилишига туртки бўлди.

Хусусан, бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 26 сентябрдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида очиқликни таъминлаш ҳамда бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан эса, экологик маълумотларнинг очиқлигини таъминлаш, чиқиндилар билан ишлашда жамоатчилик иштирокини ошириш ва экологик назоратни кучайтириш чоралари кўрилди.

Учинчидан, Конституцияда илк маротаба давлатнинг экологик мажбуриятлари ҳам белгилаб берилди. Хусусан, Асосий Қонунимизнинг 49-моддасида давлатнинг бир қатор экологик мажбуриятлари мустаҳкамлаб қўйилди.

Авваламбор, давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади.

Давлат шу мақсадда барқарор ривожланиш принципига мувофиқ, атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади. Хусусан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида барпо этилаётган “яшил белбоғ” ва боғлар юртимиз миқёсида кенг кўламли ободлик ва яшилликка, одамлар учун муносиб шароит яратишга ва халқимиз саломатлигини асраб-авайлашга хизмат қилмоқда.

Атроф-муҳит муҳофазасига қаратилган чора-тадбирлар қаторида экологик таълим ва экологик маданиятни ошириш тизимини такомиллаштириш муҳим ўрин тутади. Бу ёш авлоднинг экологик билимларини ва маданиятини ошириш, уларда табиатга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш масъулиятини шакллантиришга қаратилган. Шунингдек, бу борада илм-фанни ривожлантириш, соҳага инновацион технологияларни жорий этиш ҳам долзарб аҳамиятга эга. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 майдаги қарори билан 2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясининг тасдиқланиши муҳим амалий аҳамият касб этди. 

Давлат зиммасидаги яна бир экологик мажбурият бу – Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан чоралар кўриш. Хусусан, Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан илгари сурилган экологик ташаббуслар доирасида Орол денгизи тубида 2 миллион гектар майдонда ўрмонзорлар барпо этилиши бошланганлиги ҳам ушбу конституциявий норманинг самарали ижросига хизмат қилмоқда.

Тўртинчидан, янгиланган Қомусимизда эски таҳрирдаги Конституция сингари унинг янги таҳририда ҳам фуқароларнинг атроф-табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш мажбурияти (62-модда) уларнинг 6 та бурчларидан бири сифатида ҳамда мулкдорнинг мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги лозимлиги (41-модда) бўйича мажбурияти белгилаб қўйилган.

Бу фуқаролар табиий ресурслардан оқилона фойдаланиши, табиат бойликларига эҳтиётлик билан муносабатда бўлиши, экология талабларига риоя этиши, мулкдорлар эса, ўз мулкидан фойдаланиб, у ёки бу фаолиятни амалга оширишда атроф муҳитнинг ифлосланишига йўл қўймаслиги лозимлигини англатади.

Бешинчидан, янги таҳрирдаги Конституциямиздаунинг эски таҳрирдан ўтказилган яна бир норма – ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликлиги, улардан оқилона фойдаланиш зарурлиги ва улар давлат муҳофазасида эканлигини мустаҳкамлайди.

Ушбу конституциявий норманинг аҳамияти шундаки, у аввало, табиий ресурсларни умуммиллий бойлик сифатидаги мақомини белгилайди. Яъни, табиий ресурслар кенг маънода ўзбек халқининг бойлиги бўлиб, улардан устувор равишда давлат ва жамият тараққиёти йўлида фойдаланилади. 

Конституциянинг мазкур моддаси табиий ресурслар давлат муҳофазаси остига эканлигини ҳам белгилайди, бу эса, давлат ва унинг ваколатли органлари зиммасига атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирларни кўриб бориш мажбуриятини юклайди.

Масалан, уй-жой қурилиши соҳасида янги қуриладиган, баландлиги 12 метрдан ёки умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган биноларни лойиҳалаштиришда унга туташ ҳудудларнинг камида 25 фоизини кўкаламзорлаштириш, шунингдек, атроф-муҳитга зарари кўп саноат корхоналари учун “яшил белбоғ”лар барпо этиш бўйича янги экологик талаблар жорий этилгани ҳам ушбу конституциявий нормалар ижросига хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 майда қабул қилинган “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан экологик хавфсизликни таъминлаш, чиқиндиларнинг инсон саломатлигига зарарини олдини олиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва санитария ҳолатини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. 

Табиий ресурсларни давлат томонидан муҳофаза этишдавлат экологик назоратини амалга ошириш ва экологик барқарорликни таъминлашга, табиий муҳитга етказилган зарар учун ҳуқуқий жавобгарликни белгилашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий ҳамда бошқарув механизмлари орқали таъминланади.

Хусусан, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ва стратегик экологик баҳолаш механизмлари жорий этилди, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни бошқариш тизими такомиллаштирилди, қурилиш майдонларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаслик учун маъмурий жавобгарлик киритилди, дарахтларни кесиш ва қасддан қуритиш, дарё ўзанларидан ноқонуний қум-шағал қазиб олиш, чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш учун жазолар кучайтирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Иқлим кенгаши ташкил этилиб, унинг иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашиш бўйича миллий стратегияни ишлаб чиқиш ҳамда ушбу йўналишда ягона давлат сиёсатини шакллантириш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашиш бўйича ташқи сиёсатнинг устувор йўналишларини белгилаш каби устувор вазифалари белгилаб берилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 сентябрдаги “Чанг бўронларига қарши курашиш ва атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистон Республикасида чанг бўронларига қарши курашиш ва уларнинг оқибатларини юмшатиш бўйича 2024 – 2030 йилларга мўлжалланган миллий дастур тасдиқланди. 

Иқлим ўзгаришига боғлиқ хавфларга мослашувчанликни ошириш бўйича алоҳида чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши глобал иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини самарали олдини олиш имконини беради. Зеро, унда автомобилсозликда “Евро-4” стандартидан паст тоифадаги ёқилғини сотиш ва ундан фойдаланишни босқичма-босқич тўлиқ тақиқлаш назарда тутилди. Бунинг учун Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводлари юқори сифатли ёқилғи ишлаб чиқариш бўйича модернизация қилиниши белгиланди.

Ушбу модданинг яна бир жиҳати унда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш талаби ҳам мустаҳкамланган бўлиб, бу табиий ресурслардан фойдаланишда экологик меъёрлар ва барқарор ривожланиш тамойилларига риоя қилиш талаб этади.

Бу борада сўнгги йилларда юртимизда “яшил иқтисодиёт”га ўтиш борасида амалга оширилган ислоҳотлар ҳам табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга хизмат қилаётганини таъкидлаш лозим. Иқтисодий ўсишнинг анъанавий моделидан “яшил иқтисодиёт”га ўтиш экологик муаммоларни ҳал қилиш ҳамда Конституцияда белгиланган табиий ресурслардан оқилоан фойдаланиш принципини рўёбга чиқаришнинг муҳим воситасига айланмоқда.

Хусусан, юртимизда“яшил” иқтисодиётни таъминлаш учун инновацион “яшил” инвестицияларни рағбатлантириш, иқтисодиётга экологик тоза технологияларни, хусусан, “яшил” энергетика, “яшил” технологияларни, “ақлли” шаҳар ва қишлоқ хўжалиги принципларини жорий этиш бўйича муҳим чоралар амалга оширилмоқда.

Олтинчидан, Конституцияда илк маротаба давлат ёшларнинг ҳуқуқларини, шу жумладан, экологик ҳуқуқларини ҳимоя қилинишини таъминлаши белгиланди (79-модда). Бу ҳам бежиз эмас, чунки, ёшлар мамлакатимиз келажаги, уларни экологик маданиятли қилиб тарбиялаш, экологик ҳуқуқларини таъминлаш орқали биз юртимизнинг келажагини асраб-авайлашга ҳисса қўшамиз.

Еттинчидан, Асосий Қонунимизда давлат органларининг экологик ваколатларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, унда илк маротаба Вазирлар Маҳкамасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий бойликларни ва биологик хилма-хилликни сақлаш, иқлим ўзгаришига, эпидемияларга, пандемияларга қарши курашиш ҳамда уларнинг оқибатларини юмшатиш соҳаларида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш (115-модда) ҳамда ҳокимларнинг ҳудудларни шу жумладан, экологик жиҳатдан ривожлантиришни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш (123-модда) бўйича ваколатлари белгиланди.

Мазкур конституциявий нормаларҲукумат ва маҳаллий ҳокимликларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилишни уларнинг энг асосий вазифалари сифатида белгилайди ва шу орқали уларнинг зиммасига экологик қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш бўйича катта масъулият ва жавобгарликюклаши билан аҳамиятлидир.

Янгиланган Қомусимиз давлатнинг экологик сиёсатини такомиллаштириб, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик барқарорликни таъминлаш соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилди. Бошқача айтганда, янги таҳрирдаги Конституция Ўзбекистоннинг барқарор тараққиётини таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий, шу жумладан биологик ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилган иқтисодий ва экологик сиёсатни рўёбга чиқаришга, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишни самарали тартибга солишга, жамоатчилик назорати тизимининг самарадорлигини оширишга қаратилган зарур ҳуқуқий асосларни яратиш ва кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Умуман олганда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат экологик сиёсатининг умумий конституциявий нормаларнинг мустаҳкамланганлиги мамлакатимизда барқарор ривожланишни таъминлаш, атроф муҳит мусаффолигини таъминлаш ва муҳофаза қилиш ҳамда аҳоли саломатлигини ҳимоя қилишнинг кафолати бўлиб хизмат қилади.

 

Аслиддин НУРИДУЛЛАЕВ

Жамоат хавфсизлиги университети кафедра бошлиғи, 
юридик фанлар доктори, доцент