English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янгиланаётган Самарқанд халқаро аэропорти 2021 йил иккинчи ярмида фойдаланишга топширилади
15:55 / 2020-12-25

Туризмни ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратиш, юртдошларимиз ва хорижлик фуқароларга халқаро стандартларга мос хизмат кўрсатиш мақсадида бугунги кунда Самарқанд халқаро аэропортида реконструкция ишлари амалга оширилмоқда.

“Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти бу жараён билан яқиндан таништириш мақсадида журналист ва блогерлар иштирокида Самарқанд ҳаво дарвозасида пресс-тур ташкил этди.  

 Тадбир аввалида ОАВ вакиллари самолётлар учун амалдаги ва янги лойиҳа асосида бунёд этилган учиш-қўниш йўлаги билан танишди. Таъкидланишича, янги йўлак халқаро авиация стандартларига мос равишда қурилган. Йўлак қатламлари орасига ҳаво кемаларининг ердан кўтарилиши ҳамда парвозолди ҳаракатида асқотадиган панжарали (геосетка) қопламалар ўрнатилган. Мутахассисларнинг фикрига кўра, ушбу йўлак келгусида бир неча турдаги самолётларни қабул қилиш имкониятига эга бўлади. Ҳозирда аэродромда тунги ёритиш мосламалари, алоқа ва кузатув тизимларини ўрнатиш жараёни амалга оширилмоқда.

 Ҳозирда аэропортда вақтинчалик йўловчи терминалидан фойдаланилмоқда ва бу ерда ҳам йўловчилар учун зарур шароит яратилган. Қад ростлаётган янги аэровокзал (терминал биноси) фойдаланишга топширилса, аэропорт соатига 600 йўловчига, келиб-кетишни ҳисоб олинса, 1200 йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Янги терминални 2021 йилнинг иккинчи ярмида фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.

 Аэропортда ҳаво кемалари учун тураргоҳлар аввалгига нисбатан бир неча баробар кўпайтирилган ва 20 дан зиёд тўхташ дойлари бўлади. Бундан ташқари, бурилиш жойлари, магистрал йўллар ҳам қайта таъмирланиб, майдон янада кенгайтирилди. Лойиҳада кўзда тутилган музлашга қарши ишлов бериш майдонларида қиш мавсумида ҳаво кемаларини қордан тозалаш, ювиш ишлари амалга оширилади.

 “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти ташувларни ташкиллаштириш бошқармаси бўлим бошлиғи Дониёр Мусабеков, “Самарқанд халқаро аэропорти” масъулияти чекланган жамияти директори вазифасини бажарувчи М.Жамолов реконструкция ишларининг бориши, келгусидаги режалар ҳақида пресс-тур қатнашчиларига маълумот берди. Уларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

 Маълум қилишларича, жорий йил январь ойидан буён аэродромни таъмирлаш ишларининг 95 фоизи бажарилган. Лойиҳада кўзда тутилган бошқа қурилиш-реконструкция ишларининг ҳам асосий қисми амалга оширилган. Бу вазифалар 2021 йилда босқичма-босқич якунига етказилиб, лойиҳа тўлиқ бажарилади.

 “Самарқанд халқаро аэропорти”да реконструкция ишларидан сўнг “Очиқ осмон” режимида тўлиқ ишлай бошлайди. Мазкур тизим 2020 йилнинг 1 августидан бошлаб юртимиздаги Қарши, Нукус, Термиз, Бухоро, Навоий, Урганч, Андижон,  Фарғона, Наманган ва Самарқанд аэропортларида «бешинчи ҳаво эркинлиги» ҳуқуқини қўллаган ҳолда жорий қилинди.

Яна бир эътиборли жиҳати, Самарқанд аэропортида АҚШнинг SITA компанияси билан хорижий ва маҳаллий  авиакомпанияларга йўловчиларни рўйхатга олиш, парвозга тайёрлов ишларини амалга оширишда ўз тизимларига кириш, ваколати доирасидаги вазифаларни муаммосиз бажаришга имкон берувчи CUTE (Common Use Terminal Equipment) платформасини жорий қилган.

[gallery-589]

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА