Давлатимиз раҳбари халқимиз манфаатлари, унинг фаровонлиги юртимизда кечаётган ислоҳотларнинг асосий мақсад-муддаоси эканини доим алоҳида эътироф этади. Ана шу ғоя қиёфаси тубдан ўзгараётган мамлакатимизда, шаҳару қишлоқларда ўз тақдирини Ватан тақдири билан уйғун кўриб, меҳнат қилаётган ҳар бир юртдошимизнинг онгу-шуурида устувор. Яқиндагина “Ўзбекистон” нашриётида чоп этилган “Янгиланаётган Паркент” номли китобда жонажон Ўзбекистонимизда кечаётган улкан янгиланиш ва ўзгаришлар мафтункор Паркент тумани мисолида ғоят самимий, гўзал бадиият билан тақдим этилган.
Ҳеч ерда учрамас табиати, экологик мусаффолиги, хушҳавоси билан жаҳондаги минглаб сайёҳларнинг эътиборини, ҳайрат ва ҳавасини ўзига жалб этаётган Паркент туманида аҳолининг оғирини енгил, мушкулини осон этадиган, одамларнинг турмушини яхшилайдиган, ҳаётдан рози бўлиб яшашга мадад берадиган янги режа ва дастурлар амалга оширилмоқда.
Бугун ҳеч иккиланмай, “янгиланиб, яшариб бораётган ҳудуд” деган ибора мамлакатимиз ҳаётининг асл ҳақиқатига айланди. Бу иборани мафтункор ва сўлим Паркент туманига ҳам қўллаш мумкин.
Бу ҳудуд Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг доимий эътиборида бўлиб келган. Юртбошимизнинг 2025 йил 18 июнь куни туманга навбатдаги ташрифи давомида Паркент чиндан ҳам кескин ижобий ўзгаришлар, ислоҳотларга юз тутгани, бу мафтункор гўшани янада тараққий, маъмур, обод этиш учун янгидан-янги куч, имкониятлар сафарбар этилаётганига халқимиз гувоҳ бўлди.
Айтиш керакки, Паркент ҳақида тарихий манбаларда, шу жумладан, буюк шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларида ҳам маълумотлар учраши бу туманнинг нечоғли қадимийлигидан дарак беради. Ҳа, Паркентнинг зумрад далалари, зилол чашмалари, файзли боғу узумзорларининг таърифи етти иқлимга ёйилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу туманга бўлган эътибори ва ғамхўрлиги Паркентнинг аввалги шуҳратини қайта тиклагани айни ҳақиқат.
“Янгиланаётган Паркент” номли тўпламда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент вилояти Паркент туманига ташрифи чоғида билдирган қимматли фикрлари, муҳим топшириқлари “Паркентни энг гўзал ва обод гўшалардан бирига айлантирамиз” номли залворли сарлавҳа билан тақдим этилган.
Диққатга сазовор жиҳати шундаки, наинки Паркент, балки ушбу гўзал гўша баҳонасида Зомин, Бахмал, Сариосиё, Китоб ва бошқа табиати мафтункор туманларнинг имкониятидан унумли фойдаланиш, шу орқали юртимизни янада обод, халқимиз ҳаётини фаровон, тўкин этишга оид амалий таклиф ва ташаббуслар китобхонни бефарқ қолдирмайди.
Тўпламда шунингдек, туманда янги ва замонавий турар-жойлар, мавзелар, ишлаб чиқариш корхоналари, сайёҳлик мажмуалари, ижтимоий объектларни барпо этишга оид лойиҳалар, аниқ факт ва маълумотлар Паркентнинг қиёфаси келажакда эмас, эртанинг ўзида янада гўзаллашиб кетишини яққол кўрсатади.
Устоз ижодкор, атоқли ёзувчи ва публицист Хайриддин Султонов муҳаррирлигида чоп этилган ушбу китобда шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуманноп Бўриев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, журналист Раҳматилла Шералиев, туман ҳокими Сардор Исоқулов, Ўзбекистон халқ шоирлари Сирожиддин Саййид, Маҳмуд Тоир, ижодкорлар Ғайрат Шералиев ҳамда Тўхтамурод Ҳасанбоев, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Шарифа Салимова, “Ғунча” журнали бош муҳаррири, моҳир журналист ва адиба Дилфуза Шомаликова, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Зоҳиджон Олов каби ижодкорларнинг Паркент ҳақидаги таҳлилий, ҳам самимий мақолалари, шеърлари билан танишиш мумкин.
Китобнинг “Шоирлар назмида янграган Паркент” бўлимида юртимизнинг ушбу сўлим гўшасига бағишланган шеърлар билан танишасиз. “Паркентлик ёшлар – янги Ўзбекистон бунёдкорлари” номли бўлимда эса туманнинг юрт тараққиётига ҳисса қўшаётган ёшлари ҳақида маълумот келтирилган.
Ранг-баранг фотосуратлар китобнинг янада жозибадор, ҳаётий бўлишини таъминлаган. Бир сўз билан айтганда, “Янгиланаётган Паркент” китоби юртимизнинг энг сўлим гўшаларида кечаётган ҳаётнинг шиддатли жараёнларини ўзида акс эттиргани билан диққатга сазовор.
Назокат Усмонова, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА мухбирлари