Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янгиланаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳаси: коррупцияга қарши курашишда янги ёндашув
09:26 / 2026-01-27

Муносабат

Коррупцияга қарши кураш Ўзбекистонда энг муҳим масалалардан бирига айланди. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган янгиланган лойиҳаси эса бу соҳадаги ёндашувларнинг босқичма-босқич такомиллашаётганини кўрсатади. Мазкур ҳужжатни умумий мантиқий тизим сифатида таҳлил қиладиган бўлсак, янги таҳрирда коррупцияга қарши кураш механизмларини аниқлаштириш ва чуқурлаштириш масаласи очиқ кўринади.

Янгиланган стратегия лойиҳасида коррупцияга қарши кураш давлат бошқаруви самарадорлигини оширишда  узвий боғлиқ экани аёнлашади . Хусусан, Transparency International томонидан эълон қилинадиган Коррупцияни қабул қилиш индексида Ўзбекистоннинг камида 20 поғонага ўсиши мақсад қилиб белгиланган. Бу кўрсаткич халқаро баҳолаш воситаси сифатида сақлаб қолинган бўлса-да, у эндиликда мустақил мақсад эмас, балки давлат ичида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижасини акс эттирувчи индикатор сифатида талқин қилинади. Шу орқали эътибор рейтингнинг ўзига эмас, балки уни шакллантирадиган институционал омилларга қаратилмоқда.

Яна бир жиҳат давлат харидлари соҳасига оид нормалар янги лойиҳада сезиларли даражада аниқлаштирилган. Харид маълумотларини очиқ форматда жойлаштириш улушини босқичма-босқич 100 фоизга етказиш, рақобатсиз усулларда амалга оширилган харидлар улушини 20 фоиздан оширмаслик каби талаблар коррупция хавфини камайтиришга қаратилган амалий механизмлар сифатида белгиланган. Бу ёндашув давлат маблағларини сарфлаш жараёнида шаффофлик ва ҳисобдорликни ошириш учун институционал шарт-шароит яратишга қаратилган.

Қонунчилик соҳасида ҳам аниқ ва тизимли ёндашув кузатилади. Янгиланган стратегия лойиҳасига мувофиқ барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилиши мажбурий талаб сифатида белгилаб қўйилган. Бу коррупциянинг фақат оқибатларига эмас, балки унинг ҳуқуқий асосларига таъсир кўрсатиш имконини беради ҳамда қарор қабул қилиш жараёнларида субъективлик хавфини камайтиришга хизмат қилади.

Шу билан бирга, ҳужжатда коррупция давлат бошқаруви жараёнларида юзага келиши мумкин бўлган хавф сифатида қаралади ва уни камайтириш учун айнан шу жараёнларни тартибга солишга урғу берилади. Бу ҳолат коррупцияга қарши курашни фақат жазо ёки назорат доирасида эмас, балки бошқарув сифатини ошириш вазифаси сифатида кўришга олиб келади.

Албатта, ушбу ёндашувлар ижтимоий самарани автоматик равишда таъминлайди, деб айтишга эрта. Бироқ стратегияда белгиланган механизмлар тўлиқ ва изчил амалга оширилган тақдирда давлат маблағларидан фойдаланиш самарадорлиги ошиши, қарор қабул қилиш жараёнларининг прогноз қилинадиган бўлиши ва ишонч муҳитининг шаклланиши учун мустаҳкам асос яратилиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, янгиланаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси коррупцияга қарши курашда белгиланган йўналишларни янада аниқ, ўлчанадиган ва институционал жиҳатдан мустаҳкам шаклга келтиришга қаратилган. Энди эътибор асосан ҳужжатда белгиланган мақсад ва индикаторларнинг қабул қилинишига эмас, балки уларнинг амалиётда қандай қўлланилиши ҳамда қай даражада изчил ижро этилишига қаратилмоқда.  

Нилуфар Дониёрхўжаева,

“Тараққиёт стратегияси” маркази

директори ўринбосари