Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янгиланаётган конститутция -Ўзбекистонда учинчи Ренессанс даврининг ёрқин сигнали сифатида!
10:11 / 2023-03-30

Бугунги кунда барча оммавий ахборот воситаларида, жумладан, телевидение, газета, журнал ва ижтимоий тармоқлар ҳамда одамларимизнинг бир-бирлари билан суҳбатларида “Янгиланаётган конституция”, “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” каби иборалар қўлланилмоқда – бу учинчи Ренессанс даврининг ёрқин сигнали.

Одамларимиз ўз ҳақ-ҳуқуқларига бефарқ эмасликларини намоён ҳамда янгиланаётган конституцияни қизғин ва фаол муҳокама қилишмоқда, миллат сифатида эртанги кунига юксак дахлдорлик кўрсатмоқда.

Шу ўринда халқимизни мазкур ҳуқуқий ҳужжат асосий қонунимиз ва Бош қомусимиз янгиланаётган конституцияда “инсон қадрини”, “ижтимоий давлатни”  кўришмоқда.

Халқимизнинг мазкур ҳуқуқий ҳужжатга бўлган қизғин дахлдорлиги одамни хурсанд қилади, бу ҳам миллатнинг маданий-маърифий ва тарбиявий иммун тизимининг бир сигналидир.

Қолаверса, давлатимизнинг ижтимоий ислоҳотларида кўп бора такрорланаётган “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори”, “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”, “Ҳалоллик вакцинаси”, “Маънавият бўлмаган жойда ҳеч қачон адолат бўлмайди!”, “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан улуғ”, “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”, “Халқ биздан рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади”, “Адолат – қонун устуворлигида”, “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир”, “Биз буюк тарих, буюк давлат, буюк маданият яратган халқмиз”, “Биз – ҳеч қачон меҳнатдан қочмайдиган, қийинчиликдан қўрқмайдиган, адолатни қадрлайдиган, азму шижоатли, буюк халқмиз” каби тамойилларининг амалиётда ишлаётганлигидан дарак беради.

Шунингдек, янгиланаётган конституцияни халқимиз томонидан ижобий кутиб олинганлиги, қизғин муҳокама қилинганлиги, уни тасдиқлаш ва амалиётга киритишга бўлган фаол дахлдорлигини Президентимиз таъбирлари билан айтганда “Биз кенг кўламли демократик ўзгаришлар, жумладан, таълим ислоҳотлари орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишни ўзимизга асосий мақсад қилиб белгиладик” деган фикрлари билан ҳам изоҳлашимиз мумкин.

Бизга маълумки инсон, халқ, миллат, жамият ва давлат тушунчалари доим бир-бирисиз қўлланилмайдиган ва бир-бирисиз ривожланмайдиган тушунчалардир. Айнан янгиланаётган конституциямиздаги барча моддалар мана шу ривожланиш ва тараққиёт асоси бўлган тушунчаларга қурилган.

Янгиланаётган конституциямизда илм-маърифат билан боғлиқ моддалар, жумладан, 50-модда. Ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга. Давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлайди. Давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратади. Давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлайди. Умумий ўрта таълим мажбурийдир. Мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта таълим давлат назоратидадир. Таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминланади.  

51-модда. Фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олишга ҳақли. Олий таълим ташкилотлари қонунга мувофиқ академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга.  

52-модда. Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади. Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади.

53-модда. Ҳар кимга илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади. Интеллектуал мулк қонун билан муҳофаза қилинади. Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланиши ҳақида ғамхўрлик қилади.  

Мазкур 50-, 51-, 52-, 53-моддаларда илм-маърифатни кафолат билан мустаҳкамлаб қўйилган қонуний асослари миллатимиз, халқимиз ва келажагимиз бунёдкорлари бўлган ёшларимизни илм-фан, маънавият-маърифатга тикилган сармояси, деб биламан ва бу ҳаракат буюк келажак учун киритилган инвестициядир.

Айтиш жоизки, мазкур илм-маърифат билан боғлиқ моддаларга алоҳида эътиборнинг замирида чуқур маъно бор. Илм-маърифат – бу янги уйғониш даврининг пойдевори, унинг асосида эса шу юрт фуқароларининг миллий тафаккури, миллий ғояси, эртанги кунга, тараққиётга бўлган ишончи бўлиб, қайсики, жамиятдаги барқарорликни таъминлаб берувчи асосий устувор омиллардан биридир. Илм-фан ривожланар экан, нафақат иқтисодиёт, балки ижтимоий-маданий соҳанинг ҳам тараққиёти кафолатланади, мазкур кафолат эса ўзида янги Ренессанс даврини ифода этишига ҳеч шубҳа йўқ.  

Қолаверса, илм-маърифат ривожланмаган давлат ҳеч қачон тўлақонли давлат бўла олмаслиги бизга узоқ тарих ҳамда бугунги асримиздаги юксак тараққий этган илғор мамлакатлар тажрибасидан жуда яхши аён. Дарҳақиқат, донишманд халқимиз тилида айтганда илм-маърифат икки дунё саодатидир. Илм маърифатсиз киши берилган неъматлар қийматини англаб етмайди. Илм-маърифат инсон учун нажот.  

Шундай экан, мен шу миллат ва шу халқнинг фаол ва дахлдор фарзанди сифатида мазкур янгиланаётган конституцияда миллатимизнинг “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғоясининг миллий юксалиш сари илдамлаб бораётганлигини унинг замирида қатъий ишонч ва чуқур ҳикмат мужассамлашганлигини англаган тарзда барчани мазкур қонун ҳужжатини тасдиқлашда фаол иштирок этишга чорлаб қоламан. Негаки, янгиланаётган конституциямиз ва унда акс этаётган моддалар миллатнинг ҳар жиҳатдан юксалиш ва тараққиёти асоси бўлиб хизмат қилади. Зеро мазкур қабул қилинаётган ва албатта қилинажак янги конституциямиз ва у асосида амалга ошириладиган кенг кўламли ислоҳотлар тараққиётнинг янги уфқларига асос бўлади.  

Ҳазрат Жабборов,    

Тошкент давлат шарқшунослик университети ва Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги университетлари доценти, психология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси.