Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янгиланаётган Конституцияда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари мустаҳкамланмоқда
10:25 / 2023-04-27

Янгиланаётган Ўзбекистоннинг бугунги ривожланиш босқичидаги барча кўрсаткичларнинг асосий омили инсон ва унинг манфаатлари ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши лозимлиги, шу боис, «Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат», деган ғояни қонунларимизга ҳам, кундалик ҳаётимизга ҳам чуқур сингдиришимиз кераклиги таъкидланди. 

Бунинг амалий ифодаси Олий Мажлис палаталарида  қабул қилинган янги таҳрирдаги “Конституция тўғрисида”ги қонун бўлиб, у 30 апрель куни бўлиб ўтадиган умумхалқ референдумида овозга қўйилади. Мазкур ҳуқуқий ҳужжат ҳақиқий маънода халқимизнинг – инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялайдиган ҳаётий Қомус   бўлиши кутилмоқда.  

Давлатимиз раҳбари “Биз Янги Ўзбекистонни “Ижтимоий давлат” тамойили асосида қуришни мақсад қиляпмиз. Буни Конституцияда мустаҳкамлашимиз керак”, дея таъкидлаган эдилар.  

Бош қомусимизда Ўзбекистон – ижтимоий давлат, деб белгиланаётгани ҳар бир инсон учун ижтимоий тенглик ва адолат тамойиллари асосида муносиб яшаш шароитини яратиб бериш, ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш, бир сўз билан айтганда, халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун “Ижтимоий давлат” қарор топишига йўл очади.    

Амалга оширилаётган ислоҳотларга эътибор қаратадиган бўлсак, уларнинг аксарияти ижтимоий соҳага йўналтирилганини кўришимиз мумкин. Хусусан, ишсизликдан ҳимояланиш, кафолатланган сифатли таълим бериш, малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бўлган шахслар, мигрантлар ва уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимизнинг доимий диққат марказида.  

Энг асосийси, бу қоғоздаги гаплар эмас. Барча ислоҳотларнинг нафақат ҳуқуқий-ташкилий, балки моддий асослари ҳам бор. Давлат бюджетининг асосий қисми айнан шу каби масалаларга йўналтирилаётгани ҳам фикримизнинг тасдиғидир.  

Жорий йилдаги давлат бюджетида ҳам 130 триллион сўм миқдоридаги маблағ (жами харажатларниниг салкам 50 фоизи) ижтимоий соҳага йўналтирилади. Умуман, давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ нормалар Конституцияда  3 баробар кўпайтирилган.  

Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини, уларнинг ҳар бир қатламини манзилли қўллаб-қувватлаш бўйича янги механизмлар жорий қилинди. Хусусан, 2017 йилда кам таъминланган 500 минг оила ижтимоий ёрдам олган бўлса, бугунга келиб 2 миллиондан ортиқ оилага кўмак берилмоқда. Ажратилаётган маблағлар эса 7 баробар кўпайтирилиб, ўтган йилда 11 триллион сўмга етди. Биргина шу рақамлар ижтимоий ҳимоянинг кўлами ва самарадорлигини кўрсатиб турибди.  

Аёллар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ва комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг ўзида ёшларни ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга 6,6 триллион сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган. Ушбу мақсадларга ажратилаётган маблағлар ўтган йилга нисбатан 1,5 баробар кўп.  

Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича сўнгги йилларда тизимли ишлар амалга оширилди. 2020 йилдан ижтимоий ҳимояга муҳтож оила қизларига олий таълимга ўқишга кириш учун 4 фоиз квота жорий этилди.  

2022-2023 ўқув йилидан олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда ўқиётган хотин-қизларнинг таълим контрактларини тўлаш учун фоизсиз таълим кредитлари жорий қилинди. Магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг шартнома тўловларини давлат томонидан қоплаш тартиби белгиланди. Ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг таълим шартномаларини маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қайтариш шартисиз қоплаш тартиби жорий қилинди.  

Янги Конституцияда аёлларнинг дискриминациясига чек қўйишнинг ҳуқуқий асоси яратилмоқда. Хусусан, янгиланаётган Конституциянинг 42-моддасига ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш таъқиқланиши тўғрисидаги янги норма киритилмоқда.  

Тан олиш керакки, Ўзбекистонда иш берувчиларнинг аксарияти танловда аёллардан кўра, эркакларга кўпроқ устунлик беради. Бунинг сабаблари оддий: аёллар фарзанд парвариши туфайли ишга кечроқ келиши, ишдан вақтлироқ кетиши, ҳомиладорлик таътилига чиқиши айрим раҳбарларга маъқул келмайди. 

Бугунги кунда хотин-қизлар фан, таълим, соғлиқни сақлаш, хизмат кўрсатиш соҳаларида машғул бўлган ходимларнинг 70 фоизини ташкил этади. Аммо бошқа соҳалар (ахборот технологиялари, инженерлик, логистика, қишлоқ хўжалиги)да кўрсаткичлар анча паст. Хотин-қизларни камситиш ҳолатлари, айниқса, ҳомиладор ва ёш боласи бор аёлларга нисбатан кўп учрайди.  

2021 йил қўмитамиз томонидан енгил ва чарм саноатда фаолият юритаётган хотин-қизлар учун яратилган меҳнат шарт-шароитлари ўрганилиб, ҳукуматга парламент сўрови юборилган эди. Парламент сўрови доирасидаги ўрганишларда  ҳақиқатан ҳам хусусий корхоналарда хотин-қизлар, ҳомиладор аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш тизимли йўлга қўйилмаганига гувоҳ бўлдик.  

Бу борада қўйилган биринчи қадам Президентимизнинг 2022 йил 7 мартдаги 87-сон фармони бўлди. 2022 йил сентябрь ойидан  бошлаб хусусий корхоналар ва ташкилотларда камида 6 ой ишлаган хотин-қизлар учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси – “декрет пули”ни давлат томонидан молиялаштириш йўлга қўйилди.  

Эндиликда Конституциянинг 58-моддасида хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқли экани, давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида  тенг ҳуқуқ ва имкониятларини таъминлайди,  деб белгиланмоқда.  

Биргина статистикага эътиборингизни қаратмоқчиман. Ўзбекистон тарихида илк маротаба 2019 йилда парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етиб, парламентдаги хотин-қизлар сони қарийб 32 фоизга етди ва дунёдаги 190 парламент орасида 37-ўринга кўтарилди. (Ваҳоланки, 2014 йилда 128-ўрин қайд этилган).  

Бошқарув лавозимидаги хотин-қизлар улуши 27 фоизга, партияларда 48 фоизга, олий таълимда 49 фоизга, тадбиркорликда 35 фоизга етди. Бугунги кунда мамлакатимизда вазир, ҳоким, элчи, ректор, шунингдек ҳуқуқ-тартибот органларида ҳам раҳбарлик лавозимларида аёллар фаолият юритмоқда.  

2021 йилдан буён Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Озарбайжон ва Тунисдаги офисларига ўзбекистонлик аёллар раҳбарлик қилмоқда.  

Хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, улар билан манзилли ишлаш мақсадида “Аёллар дафтари” тизими жорий этилиб, давлат бюджетидан ҳар йили 300 миллиард сўм маблағ ажратиб бориш йўлга қўйилди.  

Ўзбекистонда хотин-қизларнинг таълим олишлари, илм-фан билан шуғулланишлари учун шароит яратиш давлатнинг алоҳида вазифасига айланди. Натижада биргина 2022 йилда олий ўқув юртларига қабул қилинган талабаларнинг 49,9 фоизини хотин-қизлар ташкил этди.  

Конституцияга киритилаётган қўшимча эса ушбу ишларнинг мантиқий давоми бўлмоқда. Яъни давлат ҳар жабҳада эркаклар ва аёллар тенглигини таъминлаш кафолатини олмоқда.  

Асосий қонунда аёл ва эркакларнинг тенг  ҳуқуқли экани белгиланиши бежиз эмас. Бу йиллар давомида мустаҳкамланган стереотипларни синдиришга, “аёл киши уйда ўтириш керак”, “аёлларга сиёсатга аралашишни ким қўйибди”, деган принципларни пучга чиқаришга қаратилган.  

Гендер тенглиги принципларини Конституцияда белгилаш давлат томонидан аёлларга бўлган алоҳида эътиборни кўрсатиш билан бир қаторда аёлнинг давлат ва ижтимоий ҳаётидаги ролини ошириб, уларга ўз имкониятларини намоён қилишига хизмат қилади.  

Мазкур норманинг киритилиши ҳамда хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги тўлақонли фаол иштироки таъминланиши натажасида 2030 йилга қадар бошқарув лавозимларида ишловчи хотин-қизлар улуши камида 30 фоизга етиши таъминланади. Энг аввало, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини оширишга, иккинчидан, парламент, ҳукумат, вазирликлар, ҳокимият ишларига аёлларни кенгроқ жалб этиш имкониятини яратади.  

 

Малика Қодирхонова,  

Сенатнинг Хотин қизлар  

ва гендер тенглик масалалари  

қўмитаси раиси.  

ЎзА