Навоий вилояти Нурота туманидаги мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари иштирокида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти, киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Маълумки, мамлакатимизда жорий йилнинг 30 апрель куни “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий Қонун лойиҳаси бўйича референдум ўтказилади.
Давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Козим Тожиев, “Миллий тикланиш” партияси вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Илҳом Ражабов Конституцияга киритилаётган янги нормалар ва концептуал ўзгартишлар ҳақида батафсил тушунчалар берди.

Таъкидланганидек, янги таҳрирдаги Конституциямиз илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш, яъни энг аввало инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйишни мақсад қилган. Янги таҳрирга асосан, Конституциядаги моддалар сони ҳозирги 128 тадан 155 тага, ундаги нормалар эса 275 тадан 434 тага ошириляпти. 128 та модданинг 91 тасига концептуал ўзгаришлар киритилмоқда.

– Бош қомусимизда Оила, болалар ва ёшлар учун алоҳида боб ажратилиб, давлат ва жамият болаларда ҳамда ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқликни, мамлакатидан ҳамда халқнинг бой маданий меросидан фахрланишни, ватанпарварлик ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилиши белгиланяпти, – деди Қонунчилик палатаси депутати Козим Тожиев. – Бундан ташқари, ёшларнинг таълим олиши, ижтимоий ва тиббий ҳимояси, уй-жойли бўлиши, бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш – давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида киритиляпти. Давлат шу орқали ўз зиммасига муҳим мажбуриятларни олмоқдаки, мазкур нормалар, нафақат ёшлар манфаати, балки бутун жамиятимиз ва мамлакатимизнинг келгуси тақдири учун муҳимдир. Ота-оналарнинг ўз фарзандларини вояга етгунига қадар нафақат боқиш ва тарбиялаш, балки уларнинг таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши учун ҳам ғамхўрлик қилиши белгиланмоқда.
Тадбирда иштирокчилар ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги муҳим воқелик – референдум юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.
Якунда мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари ўз ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда юртимизда ўтказиладиган референдумда фаол иштирок этишларини таъкидлади.
А.Бўриев, ЎзА