Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янгиланаётган Конституция: ёшлар учун янги имкониятлар
15:00 / 2023-04-05

Конституция жамият сиёсий тизимининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлайди. Сиёсий партиялар, жамоат бирлашмаларининг давлат ҳокимияти билан муносабатларини мувофиқлаштиради. Сайловлар ва референдум каби бевосита демократия институтларини мустаҳкамлаш орқали жамиятда сиёсий барқарорликни, фуқаролараро тотувлик, ҳамжиҳатлик ва тинчликни таъминлайди. Давлат юритадиган ички ва ташқи сиёсатнинг асослари ва барча муҳим йўналишларини акс эттиради.

Конституция юридик мазмун ва моҳиятга эга бўлган ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, давлатнинг Асосий қонуни сифатида бутун ҳуқуқий ва қонунчилик тизимларининг ўзагини ташкил этади, жамият ва давлат ҳаётининг, давлат органлари ташкил этилиши ва фаолиятининг асосий принципларини мустаҳкамлайди. Шу сабабли жамиятдаги барча ҳуқуқий ҳаёт ва юридик амалиёт, шу жумладан одил судлов амалиёти конституциявий қоидалар асосида шаклланади.

Конституция халқнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини акс эттиради. Унда жамият тараққиётига туртки берувчи, муҳим маънавий омил бўлиб хизмат қилувчи ғоялар ўз ифодасини топади. Конституцияда мужассамлашган мафкура жамиятни, халқни муайян мақсадлар сари етаклайди, уларни уддалаш учун сафарбар қилади. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси миллий истиқлол ғояси ва мустақиллик мафкурасининг ҳуқуқий асосини ташкил этиб, халқимизнинг истиқлолга, эркинликка бўлган интилишини, миллий ахлоқий-маънавий қадриятларини акс эттирган ҳамда уларни жамият онгига, айниқса, ёш авлод онгига сингдиришга хизмат қилади.

Янгиланаётган конституция лойиҳаси ҳам умумхалқ муҳокамасида келиб тушган кўп сонли таклифларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган. У халқаро стандартларга, энг муҳими, Ўзбекистон халқининг хоҳиш-иродаси ва орзу-истакларига тўлиқ мос келади.

Бугунги кунда нафақат халқимиз, балки жаҳон ҳамжамияти, хорижий олимлар ва экспертлар ҳам янгиланаётган Конституциямизнинг асосий муаллифи ва ижодкори Ўзбекистон халқи эканини, Конституциянинг янги таҳрири ижтимоий, демократик-ҳуқуқий ва чинакам халқпарвар давлатчилик асосларини яратиши, аҳоли фаровонлигини ошириши, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада юксалтириши, шунингдек, ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштиришда муҳим омил бўлиши ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиётида янги даврни бошлаб бериши алоҳида аҳамиятга эга.

Амалдаги Конституциямиз 65 фоизга янгиланмоқда. Таклифларнинг 60 фоиздан ортиғи бевосита ёшлар томонидан берилгани катта аҳамиятга эга. Қонун лойиҳасидаги “Оила, болалар ва ёшлар” деб номланган 14-боби 5 та моддани ўз ичига олган бўлиб (76-80 моддалар) уларда оила, ота-оналар ва уларнинг фарзандлари манфаатлари билан бирга зиммаларидаги масъулият ҳам белгилаб қўйилган. Табиийки, давлат ҳам бу борада ўз зиммасига қатор вазифаларни олган, яъни у ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланишига ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишига, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишига, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шароитлар яратиши алоҳида норма сифатида киритилган.

Конституциявий қонун лойиҳаси билан илк маротаба узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожини таъминлаш давлатнинг вазифалари қаторидан жой олмоқда. Мазкур қоидаларнинг Конституция даражасида белгиланиши, болалар боғчасидан тортиб, университетларгача, барча таълим ташкилотларини улар давлатники ёки хусусий эканлигидан қатъий назар, ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин бўлишига эътибор қаратилмоқда.

Янгиланаётган Конституцияга мувофиқ, фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олишга ҳақли эканлиги аниқ белгилаб қўйилмоқда. 2017 йилга қадар олий таълим муассасаларида грант ўринлари сони фақат қисқариб келган бўлса, сўнгги беш йил ичида грантлар кўпайтирилди. 

Хусусан, ўтган даврда олий таълимга ажратилган давлат грантлари сони 75 фоизга ҳамда эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун давлат грантлари сони икки бараварга оширилди. Шунингдек, нодавлат олий таълим муассасаларида мутахассисларни тайёрлашга давлат гранти ажратиш амалиёти йўлга қўйилди. Мазкур конституциявий қоиданинг белгиланиши бу борадаги ижобий йўналиш доимо сақлаб қолинишини, давлат олий таълим муассасаларида грант ўринлари йўқолмаслигини таъминлашга хизмат қилади.

Конституциявий қонунга мувофиқ олий таълим ташкилотларига академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар олиб бориш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқи берилиши ҳам қувонарлидир. Олий таълим тизими билан боғлиқ масалаларнинг Конституция даражасида белгиланаётгани олий таълим жараёнига ташқи аралашувларни чеклаш, олий таълим сифати ва дунёда рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади. Шу билан бирга, Янгиланган Конституцияда алоҳида модда ёшлар ҳуқуқларига бағишланмоқда. Унга кўра, давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди.

Давлатимиз ёшларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратилиши белгиланмоқда. Ўқишни битирган ҳар қандай ёш ишлаши, оила қуриши ва ўз уй жойига эга бўлиши лозим. Буларнинг ҳаммасини бирданига ҳал қилиш қийин. Шу боисдан, давлатимиз бу каби масалаларни ўз зиммасига олмоқда. Бу эса ёшларни ҳар тамонлама камол топишига имкон беради.

Шундай экан, ўз юрти эртасига дахлдорман деган инсон борки, бу сиёсий жараёнларга бефарқ бўлмаслиги лозим.

Шоҳида Шакирова,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети,
“Беш муҳим ташаббус” маркази раҳбари
Филология фанлари бўйича фалсафа доктори

ЎзА