Гендер тушунчаси, ўз моҳиятига кўра, эркак ва аёл роллари, хатти-ҳаракатлари, ақлий ва ҳиссий хусусиятларидаги фарқларни шакллантириш (конструкция қилиш)нинг мураккаб ижтимоий-маданий жараёнини англатади. Гендер аёллар ва эркакларнинг ижтимоий хулқ-атворини, уларнинг бир-бири билан муносабатларини белгилайдиган ўзига хос маданий хусусиятлар тўпламидир.
Айнан шу нуқтаи назардан қаралганда янгиланаётган Конституциянинг 58-моддасида “Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаши” белгиланмоқда.
Аввалги Конституцияда, Ўзбекистонда гендер камситиш йўқ дея таъкидланди, аёллар меҳнатини қадрламаслик, тан олмаслик ҳолатлари жуда ачинарли ҳамда баъзи хонадонларда уларни таҳқирлаш оддий ҳолга айланиб улгурганди. Шу билан бирга аёлларни ўз устида ишлаши, ўсиши учун эркаклар билан тенг имконият етишмаслиги бунинг асосий сабабларидан ҳисобланарди.
Киритилаётган ўзгаришларда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш масаласи Конституция даражасида мустаҳкамланмоқда, яъни, давлат ҳамма соҳада эркаклар билан аёллар тенглигини таъминлашни кафолатламоқда ва уларни ролини оширмоқда.
Жумладан, янгиланаётган Конституция ҳар кимнинг меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш ҳуқуқини кафолатланмоқда. Зеро, ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги билан боғлиқ сабабаларга кўра аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш таъқиқланиши белгиланмоқда.
Янги таҳрирдаги Конституция аёлларни нафақат жамиятдаги нуфузини оширишмоқда балки, қийин ижтимоий шароитга тушиб қолган, ногиронлиги бор, уй-жойга муҳтож, боқувчисини йўқотган, фарзанд тарбияси ҳамда иқтисодий таъминот зиммасида бўлган хотин-қизларга демократик-ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатда бахтли ҳаёт кечириш имкониятини кафолатламоқда деб, тушунишимиз мазмунан тўғри бўлади.
Дилнозахон Абдуллажанова,
Ўзбекистон Республикаси Жамоат Хавфсизлиги университети
“Хизмат фаолиятини тарбиявий-психологик таъминлаш”
кафедраси доценти, психол.ф.ф.д., (PhD)