Термиз иқтисодиёт ва сервис институтида "Янгиланаётган Конституция — юртимиз ва халқимизнинг фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлади" мавзусида учрашув ўтказилди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O‘zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов университет ўқитувчи ва талабаларига Асосий Қомусимизга киритилган ўзгартиришлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Таькидландики, Конституциямиздаги моддалар 128 тадан 155 тага кўпайди ва унга турли йўналишларда ўзгаришлар киритилиб, инсон эрки, қадр-қиммати асос қилиб олинди. Чунки, инсон эркин бўлиб, бу дунёга келар экан, демак эркин яшаши лозим. Ҳар бир инсоннинг қадр-қиммати бўлиши, давлат ва жамият эса бунга шароит яратиб бериши керак.

–Янгиланаётган Бош Қомусимизга айбсизлик презумпцияси, уй-жой дахлсизлиги, қонунда чекланмаган ҳар қандай фаолият тури билан шуғулланиш эркинлиги, ишсизликдан ҳимояланиш каби нормалар киртилмоқда, –деди А.Ҳаитов.–Конституциявий қонун лойиҳасида таълим олиш ҳуқуқи ва имконияти ҳам кенгайтирилиб, ўқитувчилар конституциявий мақомга эга бўлиши янги нормалар билан мустаҳкамланмоқда. Масалан, олий таълим ташкилотларига академик эркинлик берилиши, танлов асосида давлат ҳисобидан бепул олий маълумот олиниши, нодавлат таълим ташкилотлари қўллаб-қувватланиши тўғрисидаги қоидалар ёш авлод ҳаётини яхшилаш, уларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, замонавий мутахассисликларни эгаллаган ҳолда ҳаётда ўз ўрнини топиши ва шахсий ривожланиши учун кенг имконият яратади.

Учрашувда мамлакатимизда кейинги олти йилда олий таьлим муассасалари сони 77 тадан 210 тага, уларга қабул 5 бараварга ортиб, талабалар сони 1 миллионга, олий таълим қамрови – 9 фоиздан 38 фоизга ошди. Давлат грантлари сони ҳам 2 баравар кўпайиб, 40 мингтага етди. Магистратура учун 5 баравар кўпайди. Бу ҳам бугунги ёшларимиз учун берилган имкониятлар самараси экани таъкидланди.
Очиқ мулоқотда Актам Хаитов жорий йил 30 апрель куни республикамизда бўлиб ўтадиган умумхалқ референдумида барча устозлар ва талабаларни ўзларининг фуқаролик позициясини намоён этган ҳолда фаол иштирок этишга чақирди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири