Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янгиланаётган конституция мамлакатда ижтимоий адолат тамойилини таъминлашга хизмат қилади
17:29 / 2023-04-26

Муносабат

Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотларнинг пировард мақсади инсон қадрини улуғлаш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш бўлиб қолмоқда. Шу боисдан, аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган чора-тадбирлар изчиллигини таъминлаш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида янгиланаётган Конституцияда ҳам бир қатор нормалар белгилаб берилмоқда.

Хусусан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини қўллаб-қувватлаш, жамиятда ижтимоий тенгсизликни юмшатиш, муносиб турмуш шароитларини яратиш, ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги учун давлатнинг фуқаролар олдидаги ижтимоий масъулиятини кучайтиришга қаратилган нормалар мустаҳкамланмоқда.

Жумладан, 47-модда билан ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эгалиги мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланади. Давлат уй-жой қурилишини рағбатлантиради ва уй-жойга бўлган ҳуқуқнинг амалга оширилиши учун шарт-шароитлар яратади. Аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш тартиби қонун билан белгиланади.

Бундан кўриш мумкинки, эндиликда қайсидир раҳбарнинг кайфиятига қараб ёки билимсизлиги натижасида қабул қилинган қарори натижасида кимнингдир хусусий мулки ёки бўлмаса, турар жойи ноқонуний тарзда бузилмайди. Шунингдек, аҳолига уй-жой хариди учун берилаётган имкониятлар кўлами ҳам кенгаяди.

Шу билан бирга, меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида бўлиши, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг турмуш сифатини оширишга, жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун уларга шарт-шароитлар яратишга ҳамда уларнинг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга доир ҳам ҳуқуқлар белгиланмоқда.

Хусусан, 46-моддада қонунда белгиланган пенсиялар, нафақалар ва бошқа турдаги ижтимоий ёрдамнинг миқдорлари расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмаслиги ҳам белгилаб қўйилмоқда.

Бундан ташқари, Бош қомусимизда давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратиши, уларнинг ишга жойлашиши, таълим олишига кўмаклашиши, зарур бўлган ахборотни тўсқинликсиз олиш имкониятини таъминлаши аниқ белгиланмоқда.

Энг муҳими, ушбу ўзгартиришлар қаторида жамиятимизда хотин-қизлар учун оғриқли бўлган яна бир масала ўз ечимини топмоқда. 42-моддада ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши белгиланмоқда.

Конституцияда ушбу нормалар белгиланиши фуқароларнинг иш ҳақи уларнинг меҳнатига муносиб бўлишини таъминлашда, шунингдек, аҳолининг турмуш даражасини оширишда ва мамлакатда ижтимоий адолат тамойилини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, ҳар биримиз 30 апрель куни инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий адолат таъминланган тараққиётимиз учун бефарқ бўлмасдан овоз беришда фаол иштирок этишимиз даркор.

Музафара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

ЎзА