Янгиланаётган Конституцияни такомиллашган янги ҳужжат, уни жамиятдаги реал воқеликка, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги улкан марраларга мослаштириш бугунги куннинг асосий талаблардан бири.
Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликда “Янгиланаётган Конституция демократик ривожланишнинг муҳим ҳуқуқий пойдеворидир” мавзуида тарғибот тадбирини ўтказди.
Тадбирда янги таҳрирдаги Конституция тўғрисидаги қонун, унинг мазмун-моҳияти ҳамда жорий йилнинг 30 апрель куни ўтказиладиган умумхалқ референдуми ҳақида қўмита ходимларига маълумот берилди.
Конституциявий референдум ва уни ўтказиш тартиб-қоидалари ҳақида тушунча берилди. Тадбир давомида Конституцияга киритилаётган асосий ўзгаришларнинг ҳар бири бўйича алоҳида тўхталиб ўтилди ва фикрлар алмашилди.
Шуни таъкидлаш лозимки, янгиланаётган Конституция Рақобатни ривожлантирш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси фаолиятида ҳам муҳим дастуриламал ҳужжат ҳисобланади. Жумладан, Бош қомусимизнинг 65-моддаси ХII бобининг “Жамиятнинг иқтисодий негизлари” бандида фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши белгиланган. Давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратиши, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлаши белгилаб берилгани аҳамиятлидир.
Шу билан бир қаторда, Бош қомусимизнинг 67-моддасига асосан тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақли. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади. Монопол фаолият қонун билан тартибга солинади ва чекланди. Бу қоидаларнинг барчаси мазкур соҳанинг янада ривожланишига хизмат қилиши табиий, албатта.
ЎзА