Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янгиланаётган Конституция: Давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятларига оид нормалар 3 баравар кўпаймоқда
14:57 / 2023-03-09

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишида янгиланаётган Конституция лойиҳасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар атрофлича муҳокама этилди.

Жумладан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида янгиланаётган Конституцияда аҳолининг барча қатлами манфаатлари инобатга олингани, уни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш жараёнларида кенг жамоатчилик фаол иштирок этгани, бу жараёнда ЎзХДП томонидан ҳам қатор таклифлар берилгани қайд этилди.  

Депутатлар Ўзбекистон «ижтимоий давлат» деган конституциявий тамойил муҳрланаётгани, давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ нормалар 3 баравар ошаётганига алоҳида эътибор қаратдилар.  

— Янгиланаётган Конституция лойиҳасининг қатор меъёрларида ижтимоий ҳимоя, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглиги аниқ белгиланмоқда, — дейди фракция аъзоси Мавжуда Ҳасанова. — Хусусан, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича давлатга қатор янги мажбуриятлар юкланаётгани партия сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифаларга ҳамоҳангдир. Қонун лойиҳасида пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий ёрдамлар миқдори энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмаслиги ҳам белгилаб қўйилмоқда. Фуқаролар тиббий ёрдамнинг қонунда кафолатланган ҳажмини бепул олишга ҳақли экани ўз аксини топмоқда. 

Шунингдек, давлат зиммасига аҳоли ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларининг ҳаёт сифатини ошириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун шарт-шароитлар яратиш чораларини кўриш мажбурияти юкланмоқда. Ушбу нормалар партиямиз электорати манфаатларига хизмат қилиши билан алоҳида аҳамиятга эга.  

Билдирилган фикр-мулоҳазалардан сўнг қонун лойиҳаси фракция томонидан қўллаб-қувватланди.  

 

М.Комилова,

ЎзА