“Янгиланаётган Ўзбекистон билан боғлиқ режаларимиз кўп“
Мен жаноб Президентга кейинги ойда Ўзбекистонга Буюк Британиядан молия соҳаси ва бизнесга алоқадор юқори даражадаги делегация ташриф буюриши ҳақида айтдим
Тимоти ТОРЛОТ, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:
– Ўзбекистон раҳбариятига илиқ қабул учун миннатдорлик билдираман. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Буюк Британия ҳамкорлиги кенгайиб бораётганини таъкидлаб, узоқ келажакка мўлжалланган режалар тўғрисида тўхталиб ўтди. Жумладан, икки мамлакат бизнес доиралари ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида урғу берди.
Мен жаноб Президентга кейинги ойда Ўзбекистонга Буюк Британиядан молия соҳаси ва бизнесга алоқадор юқори даражадаги делегация ташриф буюриши ҳақида айтдим. Улар Тошкентда қуриладиган молия маркази фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган учрашувларда иштирок этади. Ўзбекистон билан адлия ва таълим соҳаларида ҳам режалар бор. Хусусан, Кембриж университети Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан, шунингдек, Президент мактабларини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик қилаяпти. Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш тизими, демократик жараёнларни қўллаб-қувватлаш учун парламентлараро ҳамкорликни ривожлантиришни ният қилганмиз. Британия кузатувчилари бу йилги парламент сайловларида ҳам иштирок этишини истар эдик.
Хуллас, янгиланаётган Ўзбекистон билан боғлиқ режаларимиз кўп. Айтишим мумкинки, бу Британия учун ҳам янги режалардир. Бу режаларни амалга оширишда мен ва Британиянинг Тошкентдаги элчихонаси, шунингдек, Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси олдида катта кўламдаги ишлар турибди.