Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янгиланадиган Конституция тараққиёт асоси
17:49 / 2022-07-12

Сурхондарё вилояти секторлар раҳбарлари маҳаллаларда аҳоли вакиллари, меҳнат фахрийлари, хотин-қизлар ва ёшлар билан “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган қизиқарли учрашувлар ўтказмоқда.

Вилоят ҳокими, биринчи сектор раҳбари Тўра Боболовнинг олис ва чекка ҳудудларда ташкил этаётган очиқ мулоқотлари “Конституцивий ислоҳотлар – ёшлар нигоҳида” мавзуига бағишланмоқда. 

Бугун Сариосиё тумани Турмуш обод маҳалласидаги 45-мактабда бўлиб ўтган ана шу мавзудаги очиқ мулоқотда чекка Галабута, Турмушобод, Ҳамкорлик, Ширин, Шоҳиқишлоқ, Дийдор маҳаллалари ёшлари, хотин-қизлар ва кекса авлод вакиллари иштирок этди. 

Очиқ мулоқотда вилоят раҳбари Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти, кейинги йилларда барча соҳаларда юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар ҳақида маълумот берди. Чекка ҳудудлардаги тиббиёт, таълим каби ижтимоий соҳаларга қаратилаётган эътибор, ёш авлоднинг ноёб истеъдодини қўллаб-қувватлаш йўлида амалга оширилаётган ишлар, камбағалликни қисқартириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳусусида фикр юритди.
– Мамлакатимизда сўнгги йилларда содир бўлаётган янгиланишлар ҳар биримизнинг ҳаётимизда ўз аксини топмоқда, – деди Тўра Боболов .–Буларнинг барчаси Янги Ўзбекистон тараққиёти билан бевосита боғлиқлигини ҳис этмаётган инсон бўлмаса керак. Барчамиз бирдек орзу қилган бу ислоҳотлар бундан 30 йил илгари қабул қилинган Асосий қонунимизга ўзгартириш ва тузатишлар киритиш заруратини юзага келтирди. Сиёсий бу жараённи қўллаб-қувватлаётган фаол фуқароларимиз ўзларининг таклиф ва тавсияларини очиқ билдирмоқда. Шунга асосан инсон қадрини улуғлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ, таълим сифатини назорат қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкамлаш каби муҳим масалаларга доир кўплаб таклифлар илгари сурилган. Эндиликда амалдаги Конституциямизнинг 58-моддасига 200 га яқин ўзгартириш ва қўшимча киритиш кутилмоқда. 

Тадбирда Президентнинг Сариосиё туманидаги Халқ қабулхонаси мудираси Ойдин Жўрабекова, шоир Ахтамқул Каримов, меҳнат фахрийси Абдуғаффар Кассиров, Қобил Қурбонов ва бошқалар сўзга чиқиб, тубдан ўзгараётган турмушимизга хос Бош қомусимизнинг ўзгариши ҳам ҳаёт талаби эканини алоҳида таькидлади. Кейинги йилларда қўшни давлатлар билан чегарадош, чекка қишлоқларни ижтимоий-иқтисодий юксалтириш борасида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларининг самаралари ҳаётий мисоллар билан чуқур таҳлил қилинди. 

Мазкур ҳудуд ҳам кейинги йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида қиёфасини ўзгартирди. Жумладан, маданият маркази тубдан реконструкция қилинди. Иккита мактаб капитал таъмирланди. Электр энергияси билан таъминлаш яхшиланиб, ёғоч устунлар янгиланди. Трансформаторлар янгисига алмаштирилиб, бемаврид узилишларга чек қўйилди. Ички йўллар тартибга келтирилди. Қишлоқ одамларининг асрий орзулари руёбга чиқиб, тоза ичимлик суви билан таъминланди. 

Самимий руҳда ўтган учрашувда кекса авлод вакиллари ҳам, аёллар ва ёшлар ҳам ислоҳотлар чекка қишлоқлардаги ҳар бир хонадонга кириб келганини айтиб, инсон қадрини улуғлашга қаратилаётган эътибордан мамнунлигини, қонун лойиҳаси бевосита халқ таклифлари асосида яратилаётганидан фахр туйғуси жўш ураётганини эътироф этди.

–Янгиланадиган Конституциямиз ижодкорлари оддий ҳалқимиз эканига ишончим комил,–деди 1-мактаб ўқитувчиси Мадина Ғофурова.– Масалан, мен Асосий қонунимизда Президентимиз ваколатини узайтириш, педагоглар мақомини ошириб, ҳуқуқларини мустаҳкамлайдиган норма киритилишини таклиф қилган эдим. Бу таклифларим лойиҳада акс этгани ва оддий фуқаролар таклифи инобатга олинаётганидан фахр ҳиссини туйдим. Буни сўнгги йиллардаги очиқлик, ошкоралик сиёсати ва инсон қадрини улуғлашга қаратилаётган эътиборнинг амалдаги намунаси, деб биламан. Барчани қонун лойиҳаси муҳокамасида фаол иштирок этишга ундайман.

Очиқ мулоқотда нуронийлар Ватанимизга тинчлик, хонадонларга файзу–барака, мамлакатимизда олиб борилаётган улуғвор ишларга бардавомлик, ёшларга бахту-иқбол тилаб, дуога қўл очди.

Шунингдек, Тўра Боболовнинг Узун туманидаги чекка Истиқлол маҳалласида умумхалқ муҳокамасига қўйилган Конституциявий қонун лойиҳасига бағишлаб ўтказган очиқ мулоқоти Хатиб, Қаҳрамон, Тожикобод, Истиқлол, “Мустақилликнинг 22 йиллиги” маҳаллалари меҳнат фахрийлари, фаол хотин-қизлари ва ёшлар иштирокида бўлиб ўтди. 

Учрашувда вилоят ҳокими Т.Боболов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати М.Ҳасанова конституциявий ислоҳотларнинг ҳуқуқий асослари, ташкилий-амалий тадбирлар, таклифларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш жараёнлари, Конституциявий қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилиши ва умумхалқ муҳокамасига қўйилиши ҳақида атрофлича сўз юритди. Халқимиз янги конституция лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида ўз таклифлари билан фаол иштирок этаётгани таъкидланди.

Конституциямизга киритилиши кутилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳаётимизга янгича мазмун бағишлаб, Янги Ўзбекистонда яшаётган кўп миллатли халқимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади, жамиятдаги қадрини улуғлайди. Бунга инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари, оила, меҳнат муносабатлари, суд-ҳуқуқ соҳаси, тадбиркорлик ва ерга оид масалалар, таълим, тиббиёт, экология сингари кўплаб йўналишларда таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар яққол далилдир. 

Мулоқотда сўзга чиққан нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшлар вакиллари ана шу ҳақда фикр-мулоҳаза юритди. Маҳалла ва хонадонларда, кундалик турмушларида содир бўлаётган ўзгаришларни алоҳида эътироф этиб, тинч, тўкин ҳаётга шукрона айтди. 

Вилоят ҳокими Тўра Боболовнинг Сариосиё туманидаги яна бир олис ҳудуд Термиз шаҳридан қарийб 350 километр узоқда жойлашган Дарагистон ва Боғу Самарқанд маҳаллалари фаол хотин-қизлари, нуронийлар ва ёшлари билан учрашуви ҳам Конституциявий қонун лойиҳаси тўғрисидаги фикрлар, жамиятимизда юз бераётган ўзгаришлар ҳақидаги мулоҳазалар асосида жуда қизиқарли ўтди. 

Тадбирлар якунида маҳаллалар ёшлари ўртасида “Беш ташаббус” лойиҳаси доирасида ўтказилган турли беллашувлар ғолибларига пул мукофотлари ва эсдалик совғалар топширилди.


Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА