Аҳоли муаммоларини ечишнинг мутлақо янги, самарали тизимини яратиш мақсадида давлат органлари раҳбарларининг халқ орасига киришини таъминлайдиган сайёр қабуллар оддий одамлар ҳаётида муҳим ўрин тутмоқда.
Бугунги кунда Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармалари томонидан ҳам жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аҳоли ва тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида белгиланган режа-график асосида сайёр қабуллар ўтказилиб, соҳага оид ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилмоқда.



Янгиҳаёт туманида бўлиб ўтган навбатдаги қабулда Кадастр агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи, Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи томонидан ўндан зиёд фуқаро ва тадбиркорнинг мурожаатлари тингланди.
Шунингдек, қонунчиликдаги янгилик ва ўзгаришлар ҳақида йиғилганларга маълумот берилди. Қабул давомида туман аҳолисининг кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш, кадастр паспортини расмийлаштириш, мулкка эгалик ҳуқуқини олиш ҳамда ерни хусусийлаштиришга доир мурожаатлари юзасидан тегишли ҳуқуқий тушунчалар берилди. Эътиборлиси, мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА