Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янгиҳаёт туманида савдо-кўнгилочар бульвари ташкил этиш режалаштирилмоқда
17:43 / 2024-10-17

Тошкент шаҳар ҳокимлиги “Тошкент инвест” компанияси билан биргаликда пойтахт тадбиркорларини Янгиҳаёт туманида давлат-хусусий шериклиги (ДХШ) асосида жамоат савдо ва кўнгилочар бульварини ташкил этиш бўйича экологик лойиҳада иштирок этишга таклиф қилди.

Қайд этилишича, мазкур бульвар болалар билан дам олиш, гастрономия, кўнгилочар тадбирлар ва шаҳар ҳаёти бирлашадиган жойдир. Режага кўра, бульвар ҳудуд аҳолисининг спорт, савдо-сотиқ билан шуғулланиши учун ҳам имконият яратади.

Лойиҳа иншоотлари енгил конструкциялардан қурилади, бу эса инвесторлар учун қурилиш жараёнини тезлаштиради, дейилади хабарда.

Дастлабки босқичда лойиҳа қуйидагиларни ўз ичига олади.

– гастрономик ҳудуд: қаҳвахоналар, ресторанлар, тез тайёрланувчи таомлар (fast food) ва бошқалар;

– спорт ҳудуди: фитнес маркази, баскетбол майдончаси, футбол майдони ва кўча спорти учун бошқа иншоотлар, шунингдек, спорт товарлари дўконлари;

– савдо ҳудуди: кийим-кечак дўконлари, эко бозор ва бошқа савдо бинолари, болалар кўнгилочар ҳудуди, батут маркази, ўйин майдончалари ва болалар автодромларини ўз ичига олади.

Лойиҳа майдони 3,1 гектарни, бульварнинг узунлиги эса 1 километрни ташкил этади. Режалаштирилган контейнерлар (савдо майдончаларини жойлаштириш учун) 250 та бўлади.

Хабарда қайд этилишича, объект давлат-хусусий шериклик шартлари асосида инвесторга узоқ муддатли ижарага берилиши мумкин.

Манзил: Янгиҳаёт тумани, Сергели-8 турар жой массиви, Тошкент ҳалқа автомобиль йўли бўйлаб (4Р21).

Лойиҳанинг дастлабки концепцияси аллақачон ишлаб чиқилган бўлиб, уни “Тошкент инвест” компанияси билан боғланиш орқали кўриш мумкин.

Ш.Маматуропова, ЎзА