Янги ижтимоий объектларнинг очилиш маросимида Тошкент шаҳар ҳокими сўзга чиқиб, туман аҳлини янги биноларнинг очилиши билан табриклади.
Жумладан, туманнинг “Янги Чоштепа” маҳалласида замонавий, айлана шаклга эга бўлган ноодатий мактабгача таълим ташкилоти очилди. Ушбу ДМТТга 380 нафар тарбияланувчини қабул қилиш кўзда тутилган.

Шунингдек, “Орият” маҳалласида қуриб фойдаланишга топширилган 122-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти 720 нафар тарбияланувчини қабул қилишга мўлжалланган бўлиб, шаҳар миқёсида энг катта сиғимга эга бўлган МТТ ҳисобланади.

Туманда соғлиқни сақлаш йўналишига ҳам катта эътибор қаратган ҳолда, туман аҳолиси учун 2 қаватли, замонавий техникалар билан жиҳозланган тез тиббий ёрдам станцияси очилди. Ушбу станция “Дўстлик” маҳалласи ҳудудидаги 0,14 гектар бўш турган ер майдонида қурилиб, тезкор интернет, телефон ва радиоалоқа тизимлари билан таъминланди.

Шунингдек, тумандаги муаммоларни ўрганиш жараёнида аҳоли томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазаларни инобатга олиб, туманга ажратилган 1 миллиард сўм маблағ эвазига тез тиббий ёрдам келишида муаммо бўлган ҳудудларга 2 та “Volkswagen” тез тиббий ёрдам машинаси харид қилинди ва уларга GPS-тизими ўрнатилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА