Сирдарё вилояти Янгиер шаҳридаги “Бинокор” МФЙ “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезони асосида олиб борилган бунёдкорлик ишлари самарасида кўрса, кўз қувнайдиган манзиллардан бирига айланди.
3 мингдан зиёд аҳоли яшайдиган маҳаллада уч километрга яқин ички йўллар асфальтланди, ичимлик суви иншооти таъмирланди, қўшимча трансформатор ўрнатилди. 113 та симёғоч янгисига алмаштирилиб, 3,2 километр ҳаво тармоғи тортилди. Кўчаларга 90 та ёритгич ўрнатилди. “Workout”, болалар майдончаси ва пиёдалар йўлаги қурилди. Мавжуд мактабгача таълим ташкилоти ва маҳалла идораси замонавий кўринишга келтирилди. “Яшил макон” лойиҳаси доирасида баҳор ойларида 13 минг тупдан ортиқ манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди. Яшил майдонларни суғориш тизими яхшиланди.
[gallery-18419]
Маҳалладаги 910 дан ортиқ хонадоннинг деярли барида томорқа бор. Ҳозирда бу хонадонларнинг ўндан ортиғида иссиқхона ташкил қилинган. Шу орқали йилига 40-50 миллион сўмгача даромад олаётган оилалар бор. Бундан ташқари хизмат кўрсатиш соҳаси ҳам ривожланмоқда. “Микромарказ” ташкил этилиб, унда нонвойхона, ўқув маркази, гўзаллик салони, тикувчилик, эшик-дераза ромлари ишлаб чиқариш каби 7 та кичик лойиҳа жойлаштирилган. Уларда асосан ёшлар иш билан банд.
“Бинокор”да янги иншоотларнинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ташкил қилинган тантанада таниқли санъаткорлар иштирокида концерт дастури, халқ сайли ва спорт мусобақалари ўтказилди. “Энг обод кўча”, ”Энг обод хонадон” танловлари ғолиблари, бунёдкорлик ишларида жонбозлик кўрсатган ташкилот ва корхоналар вакиллари, саховатпеша тадбиркорларга эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир доирасида Сирдарё вилоят раҳбари Акмал Маҳмудалиев маҳалла нуронийлари ва фаоллари билан суҳбатлашди.
Шаҳриёр ОРТИҚБОЕВ(сурат),ЎзА