Сайловчилар билан учрашувларда халқимизнинг сиёсий жараёнлардаги фаоллиги яққол сезилмоқда. ЎзЛиДеП Янгиер шаҳар кенгаши томонидан Гулистон давлат университети педагогика факультетида 37-Сирдарё сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда вилоят ва туман, шаҳар Кенгашлари депутатлигига кўрсатилган номзодлар сўзга чиқишиб, партия сайловолди дастури ҳақида сўз юритар экан, келгуси 5 йилликда давлат ташкилотларидан мустақил бўлган ва холисона баҳолайдиган нодавлат “таълим аудити” тизими жорий қилиш, профессионал таълим тизимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштиришга эришиш, ёшларимизни “Топ-100” глобал рўйхатга кирган университетларда таълим олиши учун валютада узоқ муддатли ва имтиёзли кредитлар бериш амалиётини жорий қилиш каби партия дастуридан ўрин олган вазифалар ҳақида гапирди.
Шундан сўнг номзодлар Янгиер шаҳридаги “Бобур” МФЙда меҳнат фахрийлари ҳамда маҳалла фаоллари билан учрашди. Унда фуқароларга тиббий хизматлар учун кредитлар ажратиш тизими жорий қилиш, эҳтиёжманд оилаларнинг онкологик касаллиги бор фарзандларига ўзак ҳужайраларини трансплантация қилиш харажатларини тўлиқ давлат ҳисобидан қоплаш, мамлакатимиздаги уч миллиондан ортиқ нуроний ҳар йили бепул тиббий кўрикдан ўтказилиши, шифохона ва сиҳатгоҳларда даволаниши, улар учун юртимиз бўйлаб саёҳатлар ташкил этилишига кўмаклашиш,“Кексалар саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш орқали 70 ёшдан ошган кексаларга бепул тиббий ва зарур ижтимоий хизматни кучайтириш, пенсия тизимини такомиллаштириш орқали жамғариб бориладиган пенсия тўловларининг бир қисмини фуқаролар эҳтиёжлари учун улар пенсия ёшига етмасидан тўлаб бериш амалиётини жорий қилиш каби партиянинг сайловолди дастуридан ўрин олган мақсад ва вазифалар ҳақида тушунчалар бериб ўтишди.


Байрамона руҳда ўтган учрашувларда иштирокчилар ЎзЛиДеП илгари сураётган ғояларни алоҳида эътироф этишди ҳамда яқинлашиб келаётган сайловда барчани либерал-демократлар учун овоз беришга чақиришди.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири