Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янгиерлик хотин-қизлар фаоллари Учкўприк туманида
11:07 / 2022-12-26

Фарғона вилоятининг Учкўприк тумани матолардан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича ўз тажрибасига эга. Ушбу йўналишда иш ўрганиш, тажриба алмашиш мақсадида Сирдарё вилояти Янгиер шаҳар ҳокими ўринбосари Барно Бекназарова бошчилигида маҳалла хотин-қизлар фаоллари, бир гуруҳ тадбиркорлар ушбу туманга борди.

Мақсад, хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш, улар бандлигини таъминлаш, касаначиликни кенг ривожлантириш борасида ўзаро тажриба алмашишдан иборат.  

Сирдарёлик хотин-қизлар дастлаб "Бобошбек енгил саноат ва логистика маркази"да бўлиб, бу ерда фаолият юритаётган тадбиркорлар "Худоёрхон" оилавий корхонаси раҳбари Иродахон Содиқова ҳамда "Нилу" оилавий корхонаси раҳбари Ҳамидахон Акбарованинг ишлаб чиқариш корхоналарида тадбиркорликнинг сир-синоатлари юзасидан тажриба алмашди.  

Шундан сўнг аёллар лимон етиштириш бўйича ўз тажриба мактабига эга бўлган "Катта Қашқар" маҳалла фуқаролар йиғинидаги Инобатхон ая Назарова хонадонида бўлди. Инобатхон ая 16 сотих томорқасида 4 та иссиқхона ташкил этган бўлиб, ушбу иссиқхоналарнинг бири лимон, бири апелсин ва мандарин, қолган 2 таси эса кўчатни етиштиришга мослаштирилган.  

Янгиерликлар 22-умумий ўрта таълим мактабининг технология фани ўқитувчиси  Наимахон Назарова томонидан ташкил этилган "Моҳир қўллар" тўгараги фаолияти билан ҳам яқиндан танишиб, бу ерда қўл меҳнати билан қўғирчоқлар ясаётган тўгарак аъзолари билан суҳбатлашди.

Куннинг иккинчи ярмида "Қумариқ" МФЙда 2014 йилдан буён оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган Муҳсинжон Аҳмадалиев раҳбарлигидаги "QUMARIQOBOD TEKSTIL" ишлаб чиқариш кооперациясига борилди. Корхонада бугунги кунда юздан зиёд хотин-қизнинг бандлиги таъминланган бўлиб, бу ерда уларга яратилган шарт-шароитлар, иш жараёнлари ўрганилди.  

Янгиерликлар энди фарғоналиклар тажрибасини ўз ҳудудида қўллайди.

 

Шуҳрат Суяров, ЎзА