Санитария—эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги Сирдарё вилоят бошқармасининг Янгиер шаҳар бўлими мутахассислари томонидан жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида шаҳар ҳудудидаги 32 та нодавлат мактабгача таълим ташкилотида санитария ва гигиена қоидаларига риоя этилиш ҳолати ўрганилди.
Назорат ишлари давомида муассасаларда озуқа маҳсулотлари сифатини сақлаш, болалар учун яратилган санитария-гигиена шароити, ошхона ва меҳнат муҳитининг тозалиги, ходимлар соғлиги устидан тиббий назорат аҳволи атрофлича кўриб чиқилди.
Текширув натижасида 22 та нодавлат таълим ташкилотлари бўйича ҳужжатлар Жиноят ишлари бўйича Янгиер шаҳар судига юборилиб, жами 9 миллион 568 минг сўмлик жарималар қўлланди. Шунингдек, 7 та хусусий оилавий мактабгача таълим ташкилотида аниқланган қонунбузилишлар туфайли уларнинг фаолияти вақтинча тўхтатилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, санитария ва гигиена талабларига риоя этилмаслиги болалар соғлиғи, таълим жараёни хавфсизлиги ҳамда умумий тарбия муҳитига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис нодавлат таълим ташкилотлари раҳбарларига санитария қоидаларига қатъий амал қилиш, мавжуд камчиликларни қисқа фурсатда бартараф этиш ҳамда профилактик чораларни кучайтириш бўйича амалий тавсиялар берилди.
– Ҳар бир бола хавфсиз ва соғлом муҳитда таълим олиши керак. Санитария қоидаларига риоя қилиш нафақат соғлиқни сақлаш, балки таълим жараёни сифатини ҳам оширади, – дейди Янгиер шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими бошлиғи Ботир Донаев.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири