Янгиер шаҳрида санитария ва жамоат саломатлигини таъминлаш йўлида яна бир муҳим қадам қўйилди — шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими қошида замонавий паразитология лабораторияси фаолият бошлади.
Лойиҳа “Очиқ бюджет” платформаси орқали жамоатчилик овози билан танланган бўлиб, уни амалга ошириш учун 452 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Қурилиш ишлари жорий йилда якунланиб, объект фойдаланишга топширилди. Янги бино барча замонавий талабларга жавоб беради — иситиш тизими, иссиқ ва совуқ сув таъминоти ҳамда канализация тармоқлари билан тўлиқ таъминланган.

Лаборатория таркибида қабулхона, паразитология таҳлил хонаси, гематология (қон намуналарини текшириш) ва энтомология хоналари, ювиш ва дезинфекция хоналари, омборхона, ходимлар хонаси ҳамда врач-лаборант учун махсус хона фаолият кўрсатади. Жиҳозлар турли фондлар маблағи ҳисобига келтирилгани ҳам аҳамиятли жиҳат ҳисобланади.
Энг муҳими, муассаса сўнгги авлоддаги замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Бу таҳлил жараёнларини тез ва аниқ амалга ошириш, аҳолининг соғлиғини муҳофаза қилиш, касалликларни барвақт аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш имконини беради.

– Паразитар ва энтомологик таҳлиллар аҳоли саломатлигини таъминлашда катта аҳамиятга эга. Янги лаборатория орқали биз турли юқумли ва паразитар касалликларни эрта босқичда аниқлаш, уларнинг тарқалишини чеклаш имкониятига эга бўлдик. Бу тиббий хизмат самарадорлигини ошириш билан бирга, соғлом ҳаёт тарзини тарғиб этишга ҳам хизмат қилади, – дейди Янгиер шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимининг бошлиғи Ботир Донаев.

Мутахассис таъкидлаганидек, янги лаборатория ишга тушиши нафақат ходимлар учун қулай иш муҳитини, балки шаҳар аҳолиси учун юқори сифатли санитария хизматини ҳам таъминлайди. Энди паразитар касалликларни аниқлаш учун намунани вилоят ёки республика марказига юбориш эҳтиёжи камаяди, натижада таҳлил вақти қисқаради.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири