Янгиерда янги лойиҳалар ишга тушади
Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев вилоят божхона бошқармаси раҳбарлари, вилоят идора ва ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳ иштирокида Янгиер шаҳрида барпо этилаётган ун ва қандолатчилик маҳсулотлари ҳамда мева- сабзавотларни қайта ишлаш лойиҳалари билан танишди.
Қиймати 580 минг АҚШ долларига тенг бўлган лойиҳа бўйича йилига 1,8 минг тонна қандолатчилик ва мева- сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаб чиқаришга эришилиб, 60 нафар янги иш ўрни яратилади.

Лойиҳа тўлиқ ишга тушиши натижасида ун, макарон, қандолат маҳсулотлари, конфетлар, жем ва пюре, мева данакларидан ўсимлик ёғи, мева-сабзавотлардан консерва маҳсулотлари ва хўжалик совуни ишлаб чиқарилади.

Бугунги кунда мазкур лойиҳа доирасида мавжуд асбоб-ускуналарни ўрнатиш ишлари бошланган бўлиб, жорий йилнинг 2-чорагида лойиҳа бўйича ишлаб чиқариш тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган.
Ш.Суяров,
ЎзА мухбири