Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янгиерда халқаро илмий-техник анжуман ўтказилди
13:06 / 2025-10-18

Жорий йилнинг 16–17 октябрь кунлари Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалида “Кимё ва озиқ-овқат саноатида минерал ва иккиламчи ресурсларни қайта ишлашнинг инновацион технологиялари” мавзусида халқаро илмий-техник конференция бўлиб ўтди.

Мазкур йирик илмий анжуман Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти, "Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмаси, Тошкент кимё-технология институти, Умумий ва ноорганик кимё институти ҳамда бир қатор халқаро ҳамкорлар – Жанубий Қозоғистондаги Ауэзов номидаги кимё-технология университети, Хитойнинг Тянжин аграр университети, “Пенг Шенг” ўзбек-хитой қўшма корхонаси, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти, “Artel Electronics” компанияси ва “International Journal of Scientific Bulletin” халқаро илмий журнали ҳамкорлигида ташкил этилди.

Конференцияда Германия, Франция, Россия ва Туркия каби давлатлардан келган 10 дан зиёд нуфузли олимлар, шунингдек, Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим ва илмий муассасаларига мансуб 200 дан ортиқ профессор-ўқитувчилар, докторантлар, мустақил тадқиқотчилар ҳамда иқтидорли талабалар қатнашдилар. Анжуманда жами 250 дан ортиқ илмий мақолалар тақдим этилди.

–   Илмий-тадқиқот муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, илғор ишлаб чиқариш корхоналари раҳбарлари ва халқаро экспертлар иштирок этган мазкур конференцияда замонавий инновацион технологиялар ёрдамида ресурслардан оқилона фойдаланиш, чиқиндисиз ишлаб чиқариш тизимларини жорий этиш, экологик хавфсизликни таъминлаш ҳамда саноат тармоқларининг барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган долзарб вазифалар бўйича фикр ва мулоҳазалар алмашилди, –   дейди филиал директорининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Отабек Абдуғаниев.

Икки кун давом этган халқаро илмий мулоқот доирасида ноорганик ва органоминерал композицион материаллар, нефт-газ кимёси, ахборот технологиялари, экологик тоза ишлаб чиқариш, иқтисодиёт, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш технологиялари ҳамда инновацион педагогика йўналишларидаги илмий шўъбалар фаолият юритди. Мазкур шўъбаларда илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш, ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликни кенгайтириш ва халқаро илмий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари атрофлича таҳлил қилинди.

Анжуман доирасида Янгиер филиали лаборатория ва таълим-инновация марказларида амалга оширилаётган илмий ишлар ҳамда талабаларнинг стартап лойиҳалари намойиш этилди. Қатнашчилар мазкур тажрибаларни юқори баҳолаб, уларни амалиётга жорий этиш бўйича ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар.

Таъкидлаш жоизки, Янгиер шаҳрида ташкил этилган мазкур халқаро илмий анжуман нафақат илмий жамоатчилик учун муҳим воқеа бўлди, балки мамлакатимизда кимё ва озиқ-овқат саноати соҳаларида инновацион ечимларни ривожлантириш, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада чуқурлаштириш, ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш йўлида муҳим қадам сифатида баҳоланди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири