Сирдарё вилояти ҳокими, сенатор Акмалжон Маҳмудалиев Хитой Республикаси Тяньцзинь фан ва техника университетининг юқори технологик инновацион технопарки директори Бови Чжанни қабул қилди.
Мулоқот чоғида Янгиер эркин иқтисодий зонаси ҳудудида 50 миллион АҚШ доллари қийматида биотехнологик маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган технопарк барпо этиш масаласи муҳокама қилинди. Вилоят раҳбари Сирдарёнинг транспорт-логистика инфратузилмаси, бизнес юритиш учун яратилган қулай шароитлар ҳақида тўхталиб, инвесторларнинг инновацион технологиялар ва замонавий илмий ютуқларни саноат тармоқларига жорий этиш борасидаги таклифларини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Бови Чжан технопаркда ишлаб чиқарилиши режалаштирилган маҳсулотлар, Тошкент кимё технологиялар институти Янгиер филиали билан ҳамкорликда ташкил этиладиган илмий-тадқиқот маркази ва замонавий илмий лаборатория хусусида тўхталиб ўтди. Мазкур технопаркда илғор технологиялар асосида йирик шохли қорамол суякларидан суяк оқсили, ширинмия ўсимлигидан шакар ўрнини босувчи биомаҳсулотлар, витаминлар, антиоксидантлар олиш, шунингдек, буғдой, соя, маккажўхори ва дуккакли маҳсулотларни қайта ишлаш ҳисобига фермент маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бундан ташқари, умумий майдони 10 гектарни ташкил этадиган технопарк қошида логистика ва божхона марказини ташкил этиш ҳам назарда тутилган. Лойиҳа ишга тушиши натижасида 500 та янги иш ўрни яратилади.
Ш.Суяров,
ЎзА