Инсон учун саломатликдан қиммат бойлик йўқ. Шу боис, соғлиқни сақлаш тизими ходимлари томонидан олиб борилаётган соғлом турмуш тарзи тарғиботи ва профилактик тиббий кўриклар аҳолининг ҳаётида тобора муҳим ўрин эгаллаб бормоқда.
Ана шундай мақсадда Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳридаги 37-сонли оилавий поликлиникада “Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!” шиори остида кенг қамровли тиббий акция ташкил этилди.
Ушбу акция аҳоли саломатлигига хавф туғдирувчи касалликларни эрта босқичда аниқлаш, даволаш ва, энг муҳими, инсон умрини узайтиришга қаратилганлиги билан муҳим аҳамият касб этди.
Тадбир доирасида фуқаролар 13 турдан зиёд мутахассис — кардиолог, эндокринолог, гинеколог, уролог, онколог, офтальмолог, невропатолог ва бошқа юқори малакали шифокорлар кўригидан ўтказилди. Улар нафақат Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмасидан, балки вилоят ва республика даражасидаги тиббиёт муассасаларидан таклиф этилган мутахассислардир.

Кўрикда камбағаллик рўйхатида турган оилалар ва соғлиғида муаммо мавжуд аҳоли вакиллари қамраб олинди. Улар профилактик ва скрининг текширувлардан ташқари лаборатор ҳамда функционал таҳлиллардан ҳам ўтказилди.
— Мен биринчи марта шундай кўламдаги тиббий кўрикда қатнашдим. Қон босимим юқори эканлигини аниқлаб, зарур дори воситалари ва тавсиялар олдим. Мутахассислар билан тўғридан-тўғри, бемалол мулоқот қилиш имконияти яратилганидан миннатдорман, — дейди янгиерлик Эрбўта Тўраев.
Текширувлар натижасида 93 нафар фуқарода бирламчи касалликлар аниқланди. Улардан 80 нафар фуқарога амбулатор даволаниш тавсия қилинди, 10 нафар беморга стационар даволаниш бўйича маслаҳат ва йўлланма берилди, 8 нафар беморга оператив даво тавсия этилди, 5 нафар юқори технологик жарроҳлик амалиётига муҳтож бемор вилоят даражасидаги тиббиёт муассасаларига йўналтирилди,10 нафар фуқарода сурункали ва ўткир касалликлар аниқланиб, уларга тегишли ордер ва йўлланмалар берилди.

Бундан ташқари, 144 нафар фуқародан таҳлиллар олинди, 93 нафар фуқаро ЭКГ, 33 нафар фуқаро эса УТТ (ультратовуш) текширувларидан ўтказилди, 40 нафар беморга 11 турдаги дори воситалари бепул тарқатилди.
— Мазкур тиббий кўрик Юртбошимизнинг аҳоли саломатлигини сақлаш, профилактик тиббий кўриклар самарадорлигини ошириш ва тиббий хизмат сифатини яхшилашга қаратилган топшириқларига мувофиқ ташкил этилди, — дейди Янгиер шаҳри тиббиёт бирлашмаси раҳбари Даврон Ибрагимов. — Асосий мақсад саломатлигида муаммоси бор, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни эрта босқичда аниқлаш, даволаш ва зарурат туғилганда уларни юқори даражали жарроҳлик амалиётига йўналтириш орқали уларнинг умрини узайтиришдир.
— Авваллари шифокорга боришга ҳар доим вақт топиш мушкул эди. Бугун ўз маҳалламизда шундай тиббий кўрик ташкил этилгани биз учун катта қулайлик бўлди. Бундай тадбирлар ҳар йили ўтказилиши керак, деб ҳисоблайман, — дейди фуқаро Шаҳноза Тошпўлатова.
Хулоса қилиб айтганда, Янгиер шаҳрида ташкил этилган ушбу тиббий акция аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифатини ошириш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга ўз вақтида ёрдам кўрсатишда муҳим ижтимоий аҳамият касб этди.
Шунингдек, бу каби тадбирлар фуқароларни ўз саломатлигига масъулият билан ёндашишга ундаш, тиббий маданиятни ошириш ва оғир касалликларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири