Янгиер шаҳрида 2021 йилда ёшлар билан ишлашнинг янги тизимини жорий этиш мақсадида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркалари ўтказилиб, уларнинг вақтини мазмунли ўтказиши учун бир қатор спорт тадбирлари ҳам ташкил этилмоқда.
Тадбирда шаҳар ҳокимлиги, сектор раҳбарлари, корхона ва ташкилотлар мутасаддилари, тижорат банклари вакиллари, маҳаллий тадбиркорлар, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” рўйхатидан ўрин олган банд бўлмаган ёшлар, фуқаролар ва аёллар иштирок этди.
Меҳнат ярмаркасида шаҳардаги “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган ишсиз ёш хотин-қизлар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан ташкил этилган қисқа муддатли ўқув курсининг тикувчилик йўналиши бўйича ўқитилиб, у ердан олган сертификатлари асосида яқинда ишга туширилган “Elegant Fiber Textil” текстиль ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш масъулияти чекланган жамиятига ишга жойлаштирилди.
Бундан ташқари, ушбу меҳнат ярмаркасида 200 га яқин бўш иш ўринлари билан иштирок этган шаҳардаги 30 дан ортиқ корхона, ташкилот, муассаса ва фирмаларга ишга жойлашишлари учун 112 нафар иштирокчига йўлланмалар берилди.
Тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ўндан ортиқ ёшга йўналиши ва бизнес режасига қараб таллуқли тижорат банклари бириктирилган бўлса, 30 дан ортиқ иштирокчига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
[gallery-1197]
Ушбу меҳнат ярмаркасининг яна бир эътиборли томони шундаки, ишсиз ёшлар бандлигни таъминлаш баробарида шаҳар ҳокимлиги томонидан Президентимизнинг ташаббуси билан “1+1” тамойили асосида ҳар бир маҳаллий тадбиркорга бир нафардан ёш бириктирилган ҳолда иш ўрнини ташкил қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини алоҳида таъкидлаш лозим.
Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркасидан сўнг ёшлар бўш вақтиларини мазмунли ўтказишларини таъминлаш мақсадида Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш ташаббуснинг спорт йўналиши бўйича Янгиер шаҳар болалар-ўсмирлар спорт мактабида спортнинг теннис, мини-футбол, таэквондо, шахмат, шашка ва бошқа турлари бўйича мусобақалар ташкил этилди.
Тадбирда шаҳар болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, футбол академияси ҳамда умумий ўрта таълим мактабларининг ўқувчи-ёшлари фаол иштирок этди.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.Қаюмов, Ф.Тошматов (сурат), ЎзА