Бутунжаҳон силга қарши курашиш куни муносабати билан Янгиер шаҳрида “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” шиори остида оммавий пиёда юриш акцияси ташкил этилди.
Тадбир вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё филиали ҳамда қатор мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилди. Унда 500 нафарга яқин иштирокчи – тиббиёт ходимлари, таълим муассасалари ўқитувчи ва ўқувчилари, фаол ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари фаол қатнашди.

– Бугунги акция орқали биз аҳоли эътиборини сил, яъни туберкулёз касаллигининг олдини олиш, уни эрта аниқлаш ва даволаш имкониятларига қаратишни мақсад қилдик,–дейди филиал бош шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Эркин Алиқулов. –Чунки, соғлом турмуш тарзи, мунтазам тиббий кўриклар ва хабардорликнинг ортиши орқали силга қарши курашишда янада самарали натижаларга эришиш мумкин.
– Туберкулёз касаллигининг олдини олишга қаратилган тадбир менда катта таассурот қолдирди. Пиёда юриш давомида нафақат жисмонан фаол бўлдик, балки шифокорлардан туберкулёз касаллиги ҳақида керакли маълумотларни олдик. Энди ўзим ва яқинларим соғлиғи учун масъулият билан ёндашишни янада чуқурроқ англадим. Шу каби акциялар жамиятда соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда жуда фойдали экан, –дейди Гулчеҳра Носирова.

– Мен авваллари туберкулёз касаллигини юқумли ва даволаб бўлмайдиган касаллик деб ўйлардим,–дейди янгиерлик Одил Аҳмадов. – Аммо бугун менга шифокорлар томонидан унга қарши самарали даволаш усуллари мавжудлиги, унинг олдини олиш мумкинлиги тўғрисида тушунтириш берилди. Олдинлари туберкулёз касаллиги билан касалланган шахслар билан учрашганда ўзимнинг саломатлигимни ўйлаб хавотирга тушар эдим. Бугун эса унинг юқса-да, даволаниш, олдини олиш мумкинлиги ҳақида хабар топдим. Бу маълумот менга катта тасалли берди ва ушбу тадбирлар аҳоли орасида бундай касалликларга доир хабардорликни оширишда жуда муҳим эканлигини тушундим.
Тадбир доирасида тиббиёт мутахассислари томонидан иштирокчиларга туберкулёз касаллигининг белгилари, юқиш йўллари ва ундан сақланиш усуллари ҳақида тушунтиришлар берилди.
Бундай оммавий тадбирлар аҳолида тиббий маданиятни юксалтириш, профилактикага жиддий ёндашувни шакллантириш ва умумий соғломлаштириш ишларини кучайтиришга хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири