Мамлакатимизда фаолият юритаётган ёқилғи қуйиш шохобчаларида йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, қарор ва фармонлар қабул қилинган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 сентабрдаги қарорига мувофиқ ҳудудларда савдо, маиший хизмат кўрсатиш, овқатланиш шохобчалари ва бепул Wi-Fi зоналари, шунингдек, санитария ва шаҳарсозлик нормалари ҳамда қоидалари талабларига жавоб берадиган санитария-гигиена шохобчалари билан жиҳозланган АГТКС, АГҚС ва АЁҚШларни ташкил этиш белгиланган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, республика ва ҳудудий ишчи гуруҳ аъзолари томонидан жорий йилнинг 22-24-ноябр кунлари 105 та шахобчалар бўйича ўрганиш якунлари ва энг намунали ёқилғи қуйиш шохобчалари раҳбарларини тақдирлаш мақсадида вилоят мусиқали драма театрида Янгиер шаҳрининг “Янгиер метан” МЧЖ томонидан ташкил этилган автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасининг (АГТКС) санитар гигиена ҳолати энг намунали деб, топилган эди.
Куни кеча Республика миқёсида Туризм ва спорт вазирлиги томонидан юртимизда фаолият юритаётган ёқилғи қуйиш шахобчаларини ўрганиш натижалари эълон қилинди. Савдо, маиший хизмат кўрсатиш, овқатланиш шохобчалари ва бепул Wi-Fi зоналари, шунингдек, халқаро стандартларга, санитария ва шаҳарсозлик нормалари ҳамда қоидалари талабларига жавоб берадиган санитария-гигиена шохобчалари билан жиҳозланган Янгиер шаҳрининг “Янгиер метан” МЧЖ лидерлар ичида лидер деб эътироф этилди.
– Шунча вилоят, пойтахт ва туризм салоҳияти кучли вилоятлар орасида ёқилғи қуйиш шахобчасининг санитар-гигиена ҳолати бўйича энг намунали деб Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳар автомобилларга газ тўлдириш компрессор шахобчаси эътироф этилиши қувонарли албатта. Бундай шахобчаларни намуна, тажриба сифатида қолган ҳудудларда ҳам ташкил қилсак мақсадга мувофиқ бўлади, – деди Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов.
Шуҳрат Суяров, ЎзА