Ватанимиз Бош қомуси – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 28 йиллиги арафасида Янгиер шаҳридаги кичик саноат зонасида замонавий аква ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги завод ишга тушди.
Янгиер шаҳрида кейинги 3 йил ичида 10 дан зиёд ижтимоий ва маданий соҳа объектлари, 50 дан ортиқ янги иншоотлар бунёд этилди. Маҳаллий тадбиркорлар ҳаракати билан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида фақатгина хотин-қизлар учун 300 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Эркин иқтисодий зонада саноат, қурилиш ва озиқ овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантиришга 30 миллион долларлик сармоя йўналтирилиб, 18 миллион АҚШ долларлик хорижий инвестиция ўзлаштирилди.
Янгиер кичик саноат зонасида лойиҳа қиймати 6 миллион АҚШ долларлик сармоя йўналтирилиб бунёд этилган «Пласт ромсар» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги корхонада бир жараённинг ўзида 1 тонна 800 килограмм профиль маҳсулотидан 300 дона 6 метрлик аква ишлаб чиқарилади.
Эътиборли жиҳати, бу ерга ўрнатилган ускуналар Туркия ва Хитой давлатларидаги энг замонавий фирмаларда ишлаб чиқарилган бўлиб, тайёрланган маҳсулотлари юз фоиз экаспорт ўрнини босади.
Тадбиркор Илҳом Каримов харобага айланиб қолган бинони ноль қийматда сотиб олиб, у ерда қайта реконструкция, капитал таъмирлаш ва қурилиш ишларини амалга оширди. Натижада ташландиқ ҳолатга келиб қолган бино ўрнида замонавий завод барпо этилди.
Ишбилармон Илҳом Каримов, аввалроқ, янги заводнинг ёнгинасида йирик цемент ва лоток ишлаб чиқариш корхоналарини бунёд этган эди. Шу сабабдан, аква ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона барпо этиш учун асосий қурилиш маҳсулотларини ўз корхоналари ҳисобидан йўналтирганлиги қурилиш учун кетган сарф харажатларни тежалишига ва қурилиш, монтаж, таъмирлаш ишларини қисқа фурсатларда якунланиши имконини берди.
– Иш фаолиятимни янги ишга тушган заводда бошлаганимдан жуда хурсандман, – дейди Янгиер шаҳридаги 2-умумтаълим мактаби битирувчиси, ёш оператор Лочин Рустамов. – Қисқа вақт ичида устозларимдан хом ашёни аралаштириш, аква ишлаб чиқариш цехидаги автоматларни бошқариш сирларини ўрганиб олдим. Бешта жараёндан ўтадиган цехларда тайёрлаётган маҳсулотларимиз хорижникидан асло қолишмайди. Ишлашимиз, дам олиш, ҳордиқ чиқариш ва овқатланишимиз учун бу ерда барча шароитлар мужассам.
Янги ишга туширилган заводда ҳозирча, бир сменада 25 нафар сирдарёлик ёшлар меҳнат қилмоқда. Ишлаб чиқариш учун зарур хом ашёлар Хитой, Туркия давлатлари ҳамда Самарқанд ва Жиззах шаҳарларидаги турдош корхоналардан олиб келинмоқда.
– Маҳсулот сифатли ва харидоргир бўлса, унга эҳтиёж ҳеч қачон пасаймайди, – дейди «Пласт ромсар» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги корхона раҳбари Илҳом Каримов. – Шу сабабдан хом ашё (гранула)ни аралаштириш, аква маҳсулотини тайёрлашда белгиланган меъёрларга қатъий амал қилаяпмиз. Ҳаракатларимиз ва назоратни кучайтиришимиз натижасида, маҳсулотлар сифати кундан-кунга яхшиланмоқда. Бу ерда тайёрланаётган акваларга қўшни вилоятлардан ҳам тушаётган буюртмалар сони кундан-кунга ортиб бораяпти.
Қисқа фурсатларда иш суръатини ошириб, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб, ишни икки сменада ташкил этамиз. «Янгиерда ишлаб чиқарилган» бренди остида маҳсулотимизни қўшни мамлакатларга ҳам экспорт қилишни режалаштираяпмиз. Бу эса ўз навбатида яна 25 нафар ёшлар учун янги иш ўринлари яратишимиз имконияти юзага келади деганидир.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА мухбири
Ф.ТОШМАТОВ, суратлар муаллифи