Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янгиер ҳокимидан эзгу ташаббус: мактаб битирувчилари учун имконият
16:18 / 2023-02-08

Мамлакатимизда иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, истеъдод ва ташаббусларини амалга ошириш, илмий тадқиқот ва инновацион фаолияти самарадорлигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Сирдарё вилояти Янгиер шаҳри ҳокимининг халқ таълими тизимидаги иқтидорли ёшлар ўртасида “Ал-Хоразмий номидаги” математика ҳамда “Абдулла Авлоний номидаги” инглиз тили фанларидан “Янгиер олимпиадаси” ни ташкил этиш ҳамда ўқувчиларни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ҳам худди шу мақсадга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.

Қарорга кўра “Янгиер олимпиадаси” ни ўтказиш тартиби тўғрисида Низом ишлаб чиқилди.  Мазкур ҳужжат умумий ўрта таълим мактабларининг 11-синф ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган “Янгиер олимпиадаси” ни ташкил этиш, ўтказиш ҳамда ғолибларни рағбатлантириш тартибини белгилайди.  

Президентимизнинг 2019 йил 3 майдаги “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида ташкил этиладиган тадбир ўқувчилар ўртасида  соғлом рақобатни ривожлантириш, республика ва халқаро фан олимпиадаларига тайёрлаш, фанлар олимпиадаси республика босқичида совринли ўринлар олишлари учун имконият яратиш, битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш салмоғини оширишга қаратилгани эътиборлидир.

“Янгиер олимпиадаси” шаҳар мактабларининг 11-синф ўқувчилари ўртасида икки босқичда ўтказилади. Биринчи  мактаб босқичи февраль ойининг иккинчи ўн кунлигида, иккинчи шаҳар босқичи эса март ойининг иккинчи ўн кунлигида ўтказилади. Олимпиадада ҳар бир фан ва синф кесимида иштирокчилар орасидан баллар кетма-кетлигида 3 нафаргача (1, 2, 3-ўринлар) ғолиблар аниқланади. Ўқувчилар барча фанлардан тест синовлари топширишади. Ҳар бир фандан 30 та тест саволлари тақдим қилинади. 90 дақиқа вақт ажратилади. Ҳар бир тўғри жавоб 3,3 балл  миқдорида  баҳоланади.  

Олимпиадада 1,2,3-ўринларни эгаллаган ўқувчилар қуйидаги тартибда рағбатлантирилади:  

1-ўринни эгаллаган ғолибга ОТМ га ўқишга кирса шаҳар ҳокимлиги томонидан бир марталик тўлов шартнома пулининг 100 фоизи тўлаб берилади.

2-ўринни эгаллаган ғолибга бир марталик тўлов шартнома пулининг 50 фоизи тўлаланади.

3-ўринни эгаллаган ғолиб моддий рағбатлантирилади.

1-ўрин ҳамда 2-ўринни эгаллаган ғолиблар ОТМ га Давлат бюджети асосида ўқишга кирса, тўлов шартнома пулига тенглаштирилган қийматда рағбатлантирилади.

“Янгиер олимпиадаси” ни юқори даражада  ташкил этиш ва ўтказиш учун 8 нафар мутасаддилардан иборат ишчи гуруҳи фаолият олиб боради.

Шуҳрат Суяров, ЎзА