Пойтахтимизда ижтимоий соҳа объектларини ривожлантириш инвестиция дастури доирасида янгидан қурилган 82-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти иш бошлади.
Мазкур бинонинг очилишига бағишланган тадбирда Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Дурдона Раҳимова, Сергели тумани ҳокими Даврон Исматов, маҳалла фаоллари, нуронийлар, ота-оналар иштирок этиб, янгидан фойдаланишга топширилган мактабгача таълим ташкилотининг имкониятлари тўғрисида гапирди. Энг сўнгги услубда жиҳозланган хоналарни кўздан кечиришди.

Уч қаватли замонавий бино 270 нафар болажонни қабул қилиш имкониятига эга. Муассасада ёруғ ва шинам машғулот хоналари, ёзги ўйин майдончалари, спорт ва мусиқа заллари ҳамда барча талабларга жавоб берувчи замонавий ошхона бор.

Маросимда сўз олганлар юртимизда ёш авлоднинг соғлом, маънан етук инсонлар бўлиб улғайиши, замонавий билимларни пухта эгаллаши учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида гапириб, бу ишларнинг давомий бўлишига тилак билдирди.
Гулноза Бобоева, ЎзА