Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янгича ёндашув ҳосилни оширишга ёрдам беради
10:54 / 2025-08-01

Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида жорий йилда 7 минг гектар майдонга Хитой Халқ Республикасидан олиб келинган, юқори самарадорликка эга чигит навлари — Hin Lu Zhong 57, 67 ва 86 ни экиш йўлга қўйилди. Бу — нафақат навлар янгиланиши, балки соҳада туб ислоҳотлар, инновацион ёндашувлар амалга оширилаётганидан далолатдир.

Илғор агротехнологиялар асосида ташкил этилаётган иш услуби туманда пахтачиликни янги босқичга олиб чиқмоқда. Масалан, 2024 йилда туманда 7 500 гектар ерга маҳаллий “Султон” навидан фойдаланилиб, ҳар гектардан ўртача 38,7 центнер ҳосил олинган эди. Бу йил эса 26 минг тонна хом ашё етиштириш белгиланган. Бунга эришиш учун фермерларга илмий асосланган агротехник тадбирлар, замонавий услуб ва техник воситалардан унумли фойдаланиш тавсия этилмоқда.

Гулистон тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Олимжон Жўраев ташаббуси билан қишлоқ хўжалигида мақсадли ва тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, ҳар бир фермер хўжалиги қошида агроном ва муҳандислардан иборат ишчи гуруҳлар фаолият юритмоқда. Улар экишдан тортиб, теримгача бўлган барча босқичларда амалий ёрдам кўрсатмоқда.

– Биз мўл ҳосилга эришишнигина эмас, уни қисқа фурсатда ва сифатли йиғишни ҳам мақсад қилганмиз, – дейди Олимжон Жўраев. – Терим мавсумини муддатидан олдин бошлаш ва биринчи бўлиб давлатга пахта етказиб бериш бўйича шартномавий мажбуриятни ўз вақтида бажаришга интиляпмиз. Бунинг учун пахта териш машиналаридан самарали фойдаланиш муҳим. Барча техникалар тўлиқ таъмирланиб, ишга шай ҳолатга келтирилди.

Ҳозирги кунда туманда мавжуд комбайнларни агротехник талабларга мувофиқ тайёрлаш, уларнинг иш сифати ва унумдорлигини ошириш, ёнғин хавфсизлиги ҳамда ёнилғи таъминоти бўйича зарур чоралар кўрилган.

Туман раҳбари доимий равишда ҳудудлардаги далаларга чиқиб, амалий тадбирларни кузатиб боряпти. Жумладан, “Нурли йўл” СИЮ ҳудудидаги “Шодлик қувончи файз”, “Бирлашган улкан хирмони”, “Уч қаҳрамон” сув истеъмолчилар уюшмасига қарашли “Яхши ният хирмони” ва “Зиёнур сари” фермер хўжаликларида агротехник жараёнлар ўрганилди, мавжуд муаммолар юзасидан аниқ топшириқлар берилди.

Айни пайтда “зарбдор 30 кунлик” деб аталувчи муҳим агротехник даврда ҳар бир иш вақтида ва талаб даражасида бажарилиши устувор вазифа сифатида белгиланган.

Гулистон туманидаги пахтачилик соҳасидаги бу каби ислоҳотлар нафақат юксак ҳосилдорлик, балки деҳқоннинг меҳнатига муносиб баҳони, давлат хазинасига эса барқарор тушумни таъминлашга хизмат қилмоқда. Замонавий технология ва қатъий ташкилий ёндашув – мамлакат қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг мустаҳкам пойдевори сифатида ўзини тўлиқ оқлаяпти.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири