Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янгича тизимнинг ижобий самараси
13:51 / 2021-09-26

Наманган давлат университетида ёшларнинг сифатли билим олиши, бўш вақтини самарали ўтказиш учун барча шароитлар яратилган.

Жумладан, ташкил этилган “IT-park” соҳасига қизиққан талаба-ёшлар учун айни мудао бўлди. 12 та замонавий компьютердан иборат “IT-scool” хонаси,  лойиҳа ва дастурлар тақдимоти учун ҳудудлар ёшларнинг иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда. Шунингдек, университетда замонавий “Универсал ахборот-ресурс маркази” очилиб, у 4 мингдан зиёд янги ўқув адабиётлари, 30 та ноутбук, 25 та компьютер ва тўртта монитор билан таъминланди.  

Бинонинг ҳовли қисмида талабалар учун ахборот-ресурс марказининг  “Очиқ табиатдаги релаксацион ҳудуди” ташкил этилди. Бугунги кунда ушбу ҳудудда талабалар ва ҳудуддаги маҳаллаларнинг уюшмаган ёшлари билан учрашувлар, семинар-тренинглар ўтказилаётир.  

Ўтган ўқув йилида бешта муҳим ташаббус ижроси доирасида 300 дан ортиқ тадбир ва акциялар ўтказилди. Шунингдек, 20 та спорт, 16 та рассомчилик, мусиқа ва санъатнинг бошқа турлари бўйича тўгараги очилди. Университет талабалар турар-жойида ҳам рассомчилик, чеварчилик, пазандачилик, оғир атлетика, стол тенниси, шаҳмат-шашка, мини футбол, стритбол, волейбол тўгараклари фаолияти йўлга қўйилди. 2 минг 142 нафар талаба махсус ишлаб чиқилган мезонлар асосида “Иқтидорли талабалар” рўйхати – университетнинг “Олтин фонди”, улар ҳақидаги маълумотлар базаси шакллантирилди. Иқтидорли талабалардан 886 нафари ”Устоз-шогирд” тизими орқали етакчи мутахассисларга бириктирилган бўлиб, илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқда.  

Муддатли ҳарбий хизматни ўтаган иқтидорли 25 нафар талабалардан иборат мобил тарғибот гуруҳи ташкил этилди. Наманган шаҳридаги 26-сонли Меҳрибонлик уйининг 40 нафар тарбияланувчисига аъло баҳоларга ўқийдиган, иқтидорли, номдор стипендия соҳиблари ва спортчи талабалар бириктирилди. 20 нафар иқтидорли талаба ва уч нафар техникумлар ўқувчиси учун “Ректор стипендияси”, “Энг яхши мақола муаллифи” танловлари жорий этилди. Ёшларнинг иқтидорларини тўла рўёбга чиқариш, бошқарув қобилиятини шакллантириш учун “талаба декан”, “талаба ректор” вазифалари жорий этилган.

Университет талабаларининг икки нафари Президент стипендияси, 11 нафари номдор стипендиялар совриндорлари, 10 нафари фан олимпиадаси ғолиблари, бир нафари “Йил талабаси” танлови ғолиби, уч нафари Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори, бир нафари “Шуҳрат” медали соҳибидир. Шунингдек, университет талабаларидан Адҳамжон Эргашев ва Шаҳноза Юнусовалар Токиода бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларида мамлакатимиз терма жамоаси сафида муносиб иштирок этди. Иқтидорли талабалар томонидан биргина ўтган ўқув йилида хорижий илмий журналларда 200 дан ортиқ, республика миқёсида 1000 га яқин илмий мақола ва тезислар чоп этилди.

“Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади” деган ғоя асосида Наманган вилоятидаги умумтаълим мактабларида университет кафедралари филиаллари фаолиятини йўлга қўйиш, ўқув-методик ёрдам кўрсатиш ва фанлар бўйича оталиққа олиш ишлари амалга оширилди. Вилоятдаги 206 та рейтинг кўрсаткичи юқори бўлган ва 159 та рейтинги паст бўлган жами 365 та мактаб университетнинг 40 та кафедрасига бириктирилди. Бешта умумтаълим мактаби билан университетнинг ҳар бир факультетидан тажрибали 12 нафардан профессор-ўқитувчи ҳамкорлиги йўлга қўйилди. Мазкур мактабларда 15 та тўгарак очилиб, 80 дан ортиқ уюшмаган ёш жалб этилди.

Университетда ўтган ўқув йилида 16 нафар чин етим ва меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси, 190 нафар ногиронлиги бўлган талаба таҳсил олди. Тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган талабаларнинг олти нафарига ҳар ойда уларнинг шахсий харажатлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баробари миқдорида пул маблағлари тўлаб берилди. 1-2 гуруҳ ногиронлиги бўлган ва давлат гранти асосида таҳсил олаётган 60 нафар талаба ҳар ойлик стипендиянинг 50 фоизи миқдорида қўшимча маблағ билан таъминланмоқда. Ректорат ва университет касаба уюшма ташкилоти томонидан “Ёшлар дафтари”га киритилган кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, етим ва ногирон талабаларнинг етти нафарига шартнома пулининг 50 фоиз, вилоят ҳокимлиги томонидан уч нафар “Ёшлар дафтари”га киритилган қизларга шартнома пулининг 60 фоизи тўлаб берилди.

Талаба ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида талабалар турар-жойида ойлик яшаш пули 78050 сўмдан 50000 сўмга, яъни 33 фоизга арзонлаштирилди. Натижада бир йилда университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан 300 миллион сўмга яқин маблағ ёшлар учун чегирма қилиб берилди. Шунингдек, университетнинг спорт иншоотларида Наманган шаҳридаги Оби-ҳаёт, Нурафшон, Чорсу, Бобуршох, Илғор, Диёр, Байналминал, Бўстон, Қадамжо, Шарқ тонги каби маҳаллаларнинг уюшмаган ёшларини спорт билан шуғулланишлари учун барча шароит яратиб берилди. Бириктирилган маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида маънавий муҳитни яхшилаш ва уюшмаган ёшларга миллий қадриятлар, анъана ва урф-одатларимиз тўғрисида тушунчалар бериб бориш мақсадида университет профессор-ўқитувчилари ҳамда маҳаллалар фаоллари иштирокида “Маслаҳатчи отахонлар”, “Мўътабар онахонлар” мактаблари жорий этилди.

Университет ҳамда маҳаллалардаги иқтидорли ёшлардан иборат илм олиш ва касбга қизиқтирувчи “Мотивацион тарғиботчи” гуруҳи жорий этилди. Жумладан, маҳаллаларда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган 1200 дан ортиқ ёш учун  20 дан ортиқ бепул инглиз тили, рус тили, немис тили курслари, 30 дан ортиқ математика, физика, ахборот технологиялари, биология ва бошқа фан тўгараклари, 10 та психологик хизмат, 10 та мусиқий ансамбл, 10 та тадбиркорликка ўқитадиган курслар, 20 дан ортиқ спорт тўгараклари йўлга қўйилди.  

Бириктирилган маҳаллаларда университет талабалари ва уюшмаган ёшлар ўртасида спорт мусобақалари, ижодий учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар, саёҳатлар, олийгоҳга танишув тадбирлари ўтказилди. Маҳалла ёшлари ва аҳоли саводхонлигини ошириш мақсадида Наманган шаҳридаги 3 та - “Зарбдор”, “Зарафшон” ва “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғинларида университет кутубхоналари филиаллари очилди.

Бир сўз билан айтганда, Наманган давлат университетида ёшларни она Ватанга садоқат, Янги Ўзбекистоннинг чинакам фарзанди бўлиш руҳида тарбиялаш борасида аниқ мақсадлар қўйилиб, бу хайрли мақсад рўёби йўлида амалий ишлар олиб борилмоқда.

 

Наримон Деҳқонов,  

Наманган давлат университети ёшлар масалалари ва

маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори,  

сиёсий фанлар доктори