Аввал хабар берганимиздек, айни кунларда мамлакатимизда академик лицей ва профессионал таълим муассасалари ўқувчи-ёшлари ўртасидаги «Баркамол авлод-2021» спорт мусобақалари қизғин давом этмоқда.
Туризм ва спорт вазирлиги хабарига кўра, мусобақалар дастуридан ўрин олган енгил атлетика баҳслари Жиззахда, кураш беллашувлари Бухорода ўтказилди.
«Баркамол авлод-2021» спорт фестивалининг енгил атлетика мусобақаларида 200 нафарга яқин иштирокчилар 60, 200, 400, 800, 1500, 3000 метрларга югуриш, 4х200 ва 4х400 метрга эстафета югуриш, тўсиқлар оша югуриш, узунликка, баландликка ҳамда уч ҳатлаб сакраш йўналишларида ўз маҳоратларини намойиш этди.
Муросасиз баҳслар якунида умумжамоа ҳисобида Бухоро вилояти вакиллари 1-ўринни, фарғоналик ёшлар 2-ўринни, Наманган вилояти спортчилари 3-ўринни қўлга киритди.
Бухорода ўтган кураш мусобақаларида 260 нафардан зиёд ўғил-қизлар 15 та вазн тоифасида совринли ўринлар учун курашди.
Қизғин баҳслар якунида умумжамоа ҳисобида бухоролик курашчи ёшлар шоҳсупанинг энг юқорисидан жой олган бўлса, кейинги ўринларни Самарқанд ва Хоразм вилояти ёшлари банд этди.
Ўзбекистон «Талаба» спорт ассоциацияси раиси Эркин Қодировнинг билдиришича, «Баркамол авлод» спорт ўйинларининг янги тизимда ташкил этилиши ёшларни спорт билан қамраб олишни янада кенгайтирди.

Авваллари 700-800 нафар ёшлар қатнашган «Баркамол авлод» ўйинларининг янгича форматда ташкил этилиши иштирокчилар сонини икки-уч бараварга оширди. 1-босқичда 60 минг, 2-босқичда 30 минг, 3-босқичда 15 мингдан зиёд ва ниҳоят 4-босқич – республика финал ўйинларида 2 минг 760 нафар ёшлар спортнинг 12 та тури бўйича ўтадиган мусобақаларда қатнашиши кутилмоқда.
Қолаверса, ўйинларнинг бу тартибда ташкил этилиши қамровнинг кенгайиши, ёшлар ўртасидаги мусобақалар сонининг ошиши ҳамда иқтидорли ёшларни саралаш жараёнининг яхшиланишига хизмат қилмоқда.
Шу ўринда бир гап: ўйинларнинг янгича тизимда ташкил этилаётганлиги яхши, кўпроқ ёшлар қатнашмоқда, мусобақалар сони ортган. Бу, албатта иқтидорли спортчиларни саралаш жараёнига ижобий таъсир кўрсатади.
Аммо тизимдаги мусобақаларнинг 1-, 2-, 3-босқич баҳслари сифатли ўтказилиши бу, биргина Ўзбекистон «Талаба» спорт ассоциациясининг вазифаси бўлиб қолмасдан, жойлардаги соҳа мутасаддилари ва мутахассислари жараёнга талабчанлик билан ёндашилсагина ўйинларнинг шиддати ошишига олиб келади.
Шундагина, «Баркамол авлод» спорт фестивалидан кўзланган мақсад – ёшларни баркамол этиб тарбиялаш, улар орасидан Ватан шарафини халқаро мусобақаларда муносиб ҳимоя қила оладиган ҳар томонлама салоҳиятли профессионал спортчилар авлодининг камол топишига эришилади.
Эслатиб ўтамиз, «Баркамол авлод» спорт фестивалининг бугунгача 3 та спорт туридаги финал мусобақалари ўтказилган бўлса, яна 9 та спорт туридаги баҳслар кейинги йилнинг январь ойидан дастур асосида давом этади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА