Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янгича таълим тизими Янги Ўзбекистонни барпо этишда муҳим қадам
18:48 / 2022-09-28

Илмий кузатиш ва тадқиқотлар натижасида инсон ўз ҳаёти давомида оладиган барча маълумотнинг етмиш фоизини беш ёшгача бўлган даврда олиб улгуриши аниқланган. Шу боис мамлакатимизда мактабгача таълим узлуксиз таълим тизимининг ажралмас бўлагига, таъбир жоиз бўлса, унинг дебочасига айланган.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йилнинг 29 декабрида Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига қилинган навбатдаги Мурожаатномасида ҳар қандай жамият тараққиётида унинг келажагини таъминлайдиган ёш авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши ҳал қилувчи ўрин тутиши, шу сабабли ислоҳотларимиз кўлами, самарасини янада оширишда ҳар томонлама етук, замонавий билим ҳамда ҳунарларни пухта эгаллаган, азму шижоатли, ташаббускор ёшларимизга таяниш зарурлиги алоҳида таъкидланган эди.

Мамлакатимизда таълим-тарбия, хусусан, таълимнинг асосий ва ҳал қилувчи бўғини ҳисобланган мактабгача таълим тизими фаолиятини янада ривожлантириш, уни янги босқичга олиб чиқиш, мураббий ва педагоглар меҳнатини муносиб рағбатлантириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, таълим-тарбия, илм-фан ва маданият соҳасини узвий ривожлантириш ва уларни доимий такомиллаштириш ишлари давлат сиёсатининг асосий ва устувор йўналиши сифатида қаралади.

Мурожаатномада болаларни боғчага қамраб олишни 2023 йил охиригача 75 фоизга етказиш, келгуси йилларда Ўзбекистоннинг мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш борасидаги стратегик мақсади – ижтимоий аҳволидан қатъий назар, боғча ёшидаги ҳар бир болани ушбу таълим йўналиши билан тўлиқ қамраб олиш учун зарур шароитларни яратишдан иборат эканлиги, бу ишларга бюджетдан 600 миллиард сўм субсидия бериш ҳисобидан қўшимча 2 мингта нодавлат боғча ташкил этилиб, хусусий сектор улушини 25 фоизга етказиш бўйича вазифалар белгиланди.

Узоқ қишлоқларда мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини янада кенгайтириш, бунда ЮНИСЕФ ҳамда Жаҳон банки билан ҳамкорликда имконияти чекланган болалар учун мактабгача таълимни уйда бериш моделини йўлга қўйилиши йил дастуридан ўрин олиши зарур.

Мулоҳазаларимизни Бухоро вилояти мисолида давом эттирадиган бўлсак, айни пайтда вилоятда 1 минг 756 та мактабгача таълим ташкилоти мавжуд. Шундан, 451 таси давлат, 84 таси давлат-хусусий шерикчилик асосидаги, 1 минг 197 таси оилавий, 24 таси хусусий мактабгача таълим ташкилотларидир. Мактабгача таълим ёшдаги болалар қамрови 80,6 фоизни ташкил этмоқда. Вилоятда нодавлат, яъни оилавий ва уй-боғчалар ташкил этиш, умуман, болажонларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга қаратилган ишлар тизимли равишда давом этмоқда. Шунга кўра, 2022 йил якуни бўйича мактабгача таълим қамрови 89,6 фоизга етиши кутилмоқда. Бу соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатларнинг амалдаги самарасидир.

Албатта, мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш учун яратилган қулай шарт-шароитлар нодавлат мактабгача таълим муассасалари сонини янада ошириш ва улар кўрсатадиган хизматлар турларини кенгайтириш учун мустаҳкам пойдевор бўлди. Шу билан бирга, олиб борилган таҳлил, болаларнинг мактабгача таълим билан қамровини таъминлаш, мактабгача таълим муассасаларини замонавий ўқув-методик материаллар ва бадиий адабиётлар билан тўлдириш, соҳага малакали педагог ва бошқарув кадрларини жалб қилиш масалаларини ҳал этиш зарурлигини кўрсатмоқда.

Бу борада Бухоро давлат университети Мактабгача таълим кафедраси илмий-педагогик жамоаси томонидан бир қатор хайрли ташаббуслар илгари сурилмоқда. Жумладан, кафедра қошида ташкил этилган “Мунозара-дебат”, “Педагог-терапевт”, “Тадқиқотчи талаба”, “Ижодкор тарбиячи”, “Нутқ ўстириш”, “МТТларда замонавий бошқарувчи”, “Креатив тарбиячи”, “Замонавий тарбиячи имиджи” каби тўгаракларда талабаларнинг фанларга бўлган қизиқишлари ва ижодий имкониятларини рўёбга чиқаришга шароит яратилган.

Албатта, амалиёт бўлмаса, назариянинг нафи кам. Шу боис педагогик амалиёт даврида амалиётчи-талаба тажриба тўплаши учун таълим муассасасининг шарт-шароити ва ички тартиб қоидаларига мослашиши, педагогик жамоа билан яқиндан танишиши учун имконият яратиб берилмоқда. Чунки энди боғчалар банд ота-онанинг фарзандлари учун кунни кеч қиладиган оддий даргоҳ эмас, балки таълим ва тарбиянинг бирламчи бўғини ҳисобланади. Ушбу муассасада қўйилган пойдевор мустаҳкам бўлмоғи лозим. Ўз навбатида таълим муассасаси ҳам бўлғуси педагогнинг назарий тайёргарлиги, савияси, салоҳияти билан танишиб, ўз тавсиялари билан кадрлар тайёрлашдек жараёнга бевосита жалб этилмоқда. Энг муҳими, бунда узоқ йиллар ҳукм сурган, “мана сенга ҳужжатларинг, истаган жойингда амалиётингни ўтаб кел”, деган “қора анъана”га барҳам берилиб, “Устоз-шогирд” тизими асосида талабада ўзига ишонч мустаҳкамланади. Замонавий педагогик технологиялар ва методларни ҳисобга олган ҳолда болаларни тарбиялаш ва ҳар томонлама ривожлантириш масалаларини профессионал даражада ҳал этишга қодир бўлган мактабгача таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрлари шаклланади.

Шунингдек, жараёнда мактабгача таълим муассасаларини миллий маданий-тарихий қадриятларни акс эттирувчи ва болаликдан китоб ўқишга қизиқишни уйғотувчи ўқув-методик, дидактик материаллар, ўйин ва ўйинчоқлар, бадиий адабиётлар билан таъминлаш ҳам долзарб вазифа саналади.

Мактабгача таълим соҳасидаги ислоҳотлар бугунги кунда ўзининг долзарблиги ҳамда амалий аҳамияти билан бошқа соҳалардаги ислоҳотлардан асло қолишмайди. Бу соҳадаги ислоҳотларни янада кенг кўламда давом эттириш давр талабидир.

Нафиса Ҳамроева,

Бухоро давлат университети Мактабгача таълим кафедраси ўқитувчиси.

ЎзА