French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янгича руҳ акс этаётган Конституция
20:32 / 2022-06-22

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгариш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан билдирилган ташаббуслар юзасидан “Тараққиёт стратегияси” маркази эксперти Анваржон Миркомилов муносабат билдирди.

Комиссия аъзолари билан учрашув очиқ, дўстона, самимий, конструктив фикр алмашиш тарзида ўтди. Билдирилган фикрлар талаба-ёшлар, тадқиқотчилар, олимлар, таҳлилчилар ва кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди.

Шавкат Мирзиёев Конституцияга ўзгариш ва қўшимча киритиш бўйича 4 та устувор йўналишда, инсон, фуқаролар ҳуқуқи ва эркинлиги масаласида, жамият ва шахс муносабатига, давлат ҳокимияти ташкил этилишига оид 50 дан ортиқ муҳим таклиф, ташаббусларни илгари сурди.

Хусусан, амалдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасида “ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эгалиги, бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланиши, мактаб ишлари давлат назоратида” экани белгилаб қўйилган. Шу жиҳатдан боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳаларини устувор тараққий эттириш давлат томонидан кафолатланиши конституциявий норма даражасида мустаҳкамланиши таклифи алоҳида эътиборга молик.

Зеро, сўнгги йилларда мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим тизимида давлат муассасалари билан бир қаторда хусусий таълим муассасалари фаолият юритиши тенденцияси кун сайин мустаҳкамланмоқда. Масалан, ҳозир республикада жами 165 олий таълим муассасаси мавжуд, давлат олий ўқув юртлари 110 та, хорижий олий таълим муассасалари ва чет эл ОТМ филиаллари 30 та, нодавлат ОТМ 25 та.

Йиғилишда давлат мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим тизимини, турли мулк шаклидаги, жумладан, хусусий таълим муассасаларини ривожлантириш учун зарур шароит яратиб бериш билан боғлиқ норма ҳам Конституциядан ўрин олиши зарурлиги таъкидлангани бежиз эмас.

Учрашувда педагог ходимлар касбий фаолиятига аралашиш, уларнинг хизмат мажбуриятини бажаришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмаcлиги Конституция даражасида белгилаб қўйилиши таклифи ҳам билдирилди. Келгусида бу норма педагог ва ота-она, педагог ва талаба ўртасида келиб чиқиши мумкин бўлган тушунмовчилик, қарама-қаршилик ва зиддиятли вазиятларнинг олдини олишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Зеро, педагог ходим касбий фаолиятига аралашиш таълим олувчининг билимини тўғри ва холис баҳолашга таъсир кўрсатади. Демак, ўқитувчининг хизмат мажбуриятини бажаришига тўсқинлик қилишга йўл қўймаслик янгиланаётган Конституцияда алоҳида норма сифатида белгиланиши ўринли. Бугунги кун талаби шуни тақозо этмоқда.

Мазкур қоиданинг киритилиши таълим ва тарбия сифатига, педагог ходим фаолияти самарадорлигига, унинг хизмат мажбуриятини тўлақонли амалга оширишига ва ниҳоят ўқув жараёнида холислик, адолат ўрнатилишига хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда билдирилган таклиф, ташаббуслар янгиланаётган Қомусимизга киритиладиган мазмуний ва концептуал ўзгаришларга асос бўлади. Энг муҳими, асосий қонунимиздаги ўзгаришларни эртага ўзимиз оилада, таълим муассасасида, маҳаллада сезамиз.

 

ЎзА мухбири

Гўзал Сатторова

ёзиб олди.