Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси Борий Алихонов ҳамда қўмита раиси ўринбосари Б.Матмуратов Хоразм вилоятида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси бўйича амалга оширилаётган ишларни ўрганиш ҳамда кўп квартирали уйларда чиқиндиларни тўплаш шохобчалари, йиғиш ва олиб чиқиб кетишга хизмат кўрсатувчи субъектларнинг фаолияти билан танишиш мақсадида мазкур вилоятга ташриф буюрди.
Айни кунларда республика миқёсида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахтларни манзилли экиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Бу борада республикада 2021 йил куз фаслида 85 миллиондан ортиқ дарахтлар экилди ва 2022 йил баҳорида 105 миллион туп кўчат экилиши режалаштирилмоқда.

Хоразм вилоятининг Янгибозор туманида 10 гектар майдонда «яшил жамоат парки» ва 6 гектар майдонда «яшил боғ» ташкил этилмоқда.
Сенаторлар ташриф жараёнида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги Хоразм миллий боғи фаолиятини ўрганди. Ҳозирда мазкур боғда ҳудуднинг иқлим шароитига мос бўлган жийда кўчатлари ҳам етиштирилмоқда. Шунингдек, Хоразм миллий табиат боғида чўл ва сувсизликка чидамли турангил, саксовул кўчатлари етиштириш йўлга қўйилган.

Сенаторлар Урганч шаҳридаги 30-сон умумтаълим мактабида ҳамда Урганч шаҳар марказий касалхонаси ҳудудида кенг жамоатчилик иштирокида ўтказилган кўчат экиш акцияларида иштирок этди.
Сенаторлар вилоятдаги кўп квартирали уйларда чиқиндиларни тўплаш шохобчалари ва маҳаллаларда чиқиндиларни йиғиш ишларини ўрганиш мақсадида Урганч шаҳри ва Урганч туманида маиший чиқиндиларни йиғиш, ташиш ва қайта ишлашга ихтисослашган “Urganch Eco Trans” кластери фаолияти билан ҳам танишди.

М.Комилова, ЎзА