English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги жорий этилган хизмат – ёшлар учун қулайлик
15:19 / 2021-05-17

Сўнгги йилларда ёшлар орасида хорижий тилларни ўрганиш, ўрганганда ҳам халқаро стандартларга жавоб бера оладиган даражада ўзлаштириш ҳамда IELTS, TOEFL, GMAT, GRE ва SAT каби халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори баллга эришишга бўлган иштиёқ тобора ортиб бормоқда.

Яқинда Президентимиз раҳбарлигида хорижий тилларни ўрганишга қаратилиши лозим бўлган эътибор, чет тилидан дарс берувчи ўқитувчиларнинг билим малакасини ошириш каби масалаларга қаратилган видеоселектор йиғилишидан кейин, хорижий тилларни ўрганишга бўлган эътибор янада ортди.  

Энди, яъни жорий йилнинг 1 майидан бошлаб Халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл (даража) тўплаган ёшларга имтиҳон топшириш харажатлари тўлиқ қоплаб бериладиган бўлди.  

Шу ўринда “Хўш, бунинг учун қаерга мурожаат қилиш керак?” деган савол туғилиши табиий.

Шубҳасиз, бу ҳолатда ҳеч иккиланмай давлат хизматлари марказларига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП)га мурожаат қилиш мумкин.  

Мурожаат қилувчи давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади ва мазкур хизматдан фойдаланиш учун ариза беради. Аризага қуйидаги ҳужжатлар – имтиҳон топшириш харажати тўланганини тасдиқловчи тўлов квитанцияси (pdf форматда) ҳамда махсус сертификат (pdf форматда) электрон тарзда илова қилиши лозим. Ариза берувчидан ушбу бандда кўрсатилмаган маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш қатъиян тақиқланади. Шу ўринда, тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотларнинг ҳаққонийлигига ариза берувчи масъул ҳисобланишини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.

Шартлар тўлиқ бажарилганда ариза берувчига Регламентда назарда тутилган компенсация тўлови – имтиҳонда тўпланиши лозим бўлган юқори баллнинг (даража) минимал кўрсаткичи ёки ундан юқори натижа қайд этганида, махсус сертификат берилган санадан бошлаб 180 календарь кун ўтмасдан компенсация тўлашни сўраб мурожаат қилганида ва махсус сертификатда кўрсатилган имтиҳон натижасининг ҳақиқийлиги ва тўғрилиги инспекция томонидан тасдиқланганда тўлаб берилади.

Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали юборилган ариза ва унга илова қилинган махсус сертификатни Ёшлар ишлари агентлиги 15 календарь кунида верификация (текшириш)дан ўтказади. Ҳақиқийлигини верификация орқали аниқлаш имкони бўлмаса, махсус сертификатнинг ҳақиқийлигини тасдиқлашни сўраб ваколатли хорижий ташкилотга сўров юборади.  

Қанча муддатда тасдиқланганидан қатъи назар махсус сертификатнинг ҳақиқийлиги тасдиқланганда, махсус сертификат эгаси бўлган ариза берувчиларнинг электрон реестрини шакллантиради. Ушбу электрон реестрга мувофиқ, компенсация маблағларини Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат “Халқ банки”нинг ҳисоб варағига молиялаштиради ва хизмат натижаси бўйича ариза берувчига 15 календарь кунда СМС хабарнома юборилади.  

Махсус сертификатнинг ҳақиқийлиги тасдиқланмаганда бу ҳақида идоралараро электрон тизимга маълумот киритилади ва ариза берувчига СМС хабарнома юборилади.

Имтиҳонларнинг бири ёки бир нечтаси бўйича имтиҳон топшириш харажати компенсация қилиниши учун тўпланиши лозим бўлган юқори балл (даража)нинг минимал кўрсаткичи ёки ундан юқори натижа қайд этилганда, махсус сертификат берилган санадан бошлаб 180 календарь кун ўтмасдан компенсация тўлашни сўраб белгиланган тартибда мурожаат қилинганда, махсус сертификатда кўрсатилган имтиҳон натижасининг ҳақиқийлиги ва тўғрилиги Ёшлар ишлари агентлиги томонидан тасдиқланганда ариза берган ёшларга имтиҳон топшириш харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.

Шу ўринда, “Қандай ҳолатларда махсус сертификатнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш рад этилади ва компенсация тўланмайди?” деган яна бир савол туғилиши табиий.

Верификация ёки ваколатли хорижий ташкилотга юборилган сўров натижасига кўра, махсус сертификатнинг ҳақиқий эмаслиги аниқланганда, ваколатли хорижий ташкилотга юборилган сўровга жавоб олинмаганда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан махсус сертификатнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш рад этилади ва компенсация тўланмайди.

Ёшлар ишлари агентлиги томонидан молиялаштирилган санадан бошлаб 180 кун мобайнида АТ “Халқ банки”нинг тегишли филиалидан ариза берувчилар томонидан талаб қилиб олинмаган маблағлар банкнинг тегишли филиаллари томонидан ариза берувчиларнинг рўйхатини илова қилган ҳолда, Ёшлар ишлари агентлигига қайтарилади.

Бекзод Артиков,

ДХА Сирдарё вилоят  

бошқармаси бошлиғи